Энди банкларда ID-карта ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам «ўтади»

  •   DiMaX
  •  441
  •  01.02.2021 13:03

Энди банкларда ID-карта ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам «ўтади»

Марказий банк бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори 2021 йил 26 январда 3285-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда МБнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўз Telegram-каналида хабар берган.

ЎҚИНГ: ID-карта – универсал паспорт: барча маълумотлар битта картада (+видеоқўлланма)

Ҳужжатга асосан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унда фуқаролар паспорти билан бир қаторда идентификация ID-карта ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда банк хизматларидан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6065-сонли Фармонига асосан 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини бериш тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, 2017 йил 19 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 389-сонли қарорининг 6-бандига асосан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган мазкур ўзгартиришлар банк ва мижоз ўртасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини тақдим этиш билан боғлиқ тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: ID-карта учун Ягона портал орқали ариза топшириш мумкин

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!