Энди CLICK’дан Telegram орқали тўловларни амалга ошириш мумкин! (қўлланма)

  •   DiMaX
  •  2138
  •  01.06.2017 10:17

Энди CLICK’дан Telegram орқали тўловларни амалга ошириш мумкин! (қўлланма)

CLICK мобил банкинг тизими компанияси ўз мижозларига янада қулайлик яратиш мақсадида, Telegram мессенжери орқали тўловларни амалга ошириш хизматини йўлга қўйди. Бунда мижозларга иловадаги @clickuzbot боти ёрдам беради, дейилади компания хабарида.

Қандай ишлатамиз?

Ундан фойдаланиш учун Telegram’да @clickuzbot ботини топиб, унга хабар ёзиш керак, шундан кейинги жараёнлар тушунарли диалог тарзида кечади. Дастлаб тил (ўзбекча ёки русча) танланади, кейин эса ботга CLICK тизимига боғланган ўз телефон рақамингизни юборишингиз керак бўлади. Агар Telegram профилингиз ҳам шу рақамнинг ўзига очилган бўлса, контактингизни юбориш учун диалог ойнаси остидаги шу контактни юбориш тугмачасини босишингиз мумкин. Агарда CLICK тизимига боғланган телефон рақамингиз бошқа бўлса, уни халқаро форматда ёзиб, ботга жўнатасиз.

Кейин CLICK боти сизнинг кўрсатилган телефон рақамингизга махсус кодни SMS-хабар тарзида юборади. Шу кодни Telegram’да ботга ёзиб жўнатганингиздан кейин унинг хизматларидан бемалол фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Сўнг диалог ойнаси остидан керакли бўлимни танлашингиз таклиф этилади. У ерда «To‘lov», «Balans», «Sozlanmalar» ва «Biz bilan aloqa» бўлимлари тугмача шаклида акс этган. Энди керакли бўлимни танлаб, зарур ҳаракатларни амалга оширишингиз мумкин бўлади.

Ҳа, дарвоқе…

Айтиш керакки, @clickuzbot боти ёрдамида ҳозирча уяли алоқа, интернет-провайдерлар, телевидение ва телефония хизматлари учун ҳақ тўлаш мумкин. Компаниянинг хабарида, Telegram’даги бот орқали ҳақ тўланадиган хизматлар рўйхати кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ, дея таъкидланади сайтда. Компаниянинг @clickuzbot боти билан ишлаш жараёнида банк пластик картаси маълумотларининг махфийлиги сақланиши учун хавфсизлик стандартларининг барча талабларига амал қилинади.