Энди коррупция ҳақида Интернетда хабар бера оласиз!

  •   DiMaX
  •  182
  •  09.08.2021 11:07

Энди коррупция ҳақида Интернетда хабар бера оласиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилди. Бу хусусда Коррупцияга қарши кураш агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Коррупцияда айбланган Бразилия собиқ президентини Huawei нега ишга олди?

Интернет тармоғидаги мазкур eanticor.uz дастури тест режимида ишга туширилган бўлиб, унда коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни тўртта шаклда, яъни:

- «Коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим»;

- «Коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим»;

- «Пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим»;

- «Ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим» каби мавзуларда юбориш мумкин.

ЎҚИНГ: Президент амалдорларни алгоритмларга алмаштиришни буюрди!

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги eanticor.uz орқали берилаётган коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиши билан бир қаторда берилган мурожаатлар асосида соҳалардаги коррупцион ҳолатларни таҳлил қилади ва ўтказиладиган таҳлил натижаларига кўра коррупцияга имкон яратаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган нормаларни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва уларни амалга ошириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, eanticor.uz дастурий таъминоти орқали фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти яратилди.

Бунда, тегишли идоралар мутасаддилари рейтингдан тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирда мазкур тизимда янада қулайликлар яратиш мақсадида дастур такомиллаштириб борилмоқда.

ЎҚИНГ: UZIMEI биносидаги «бардак» ҳақида блогер: «Буни ўйлаб топганлар – ислоҳотларнинг душмани!»

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!