Энди Mi смартфонлари бўлмайди

Энди Mi смартфонлари бўлмайди

Хитойлик электроника ишлаб чиқарувчи Xiaomi компанияси яқинда Apple'ни ортда қолдириб, дунёдаги иккинчи энг йирик смартфонсозга айланган эди. Компания энидликда ўз маҳсулотлари глобал бозорда танилиб бўлгани боис қўшимча бренд номларидан воз кечмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi 15 сентябрда тақдимот намойиши ўтказади

Даставвал XDA Developers сайтида хабар берилганидек, компания бир неча ой ичида ўзининг Mi брендидан воз кечади ва янги маҳсулотларда фақат Xiaomi номи бўлади.

Компания вакили Engadget нашрига: «2021 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб Xiaomi'нинг «Mi» маҳсулот сериялари «Xiaomi» деб қайта номланади. Бу ўзгариш бизнинг глобал брендимизни яхлитлаштириб, бренд ва маҳсулотлар ўртасидаги тушунча бўшлиғини бартараф этади», дея маълумот берган. Бироқ Mi бренди бутунлай йўқ бўлмайди. Компаниянинг Mi Home дўконлари номида «Mi» сўзи ўзгармай қолади.

Ҳамёнбоп маҳсулотлар ишқибозлари учун чиқариладиган Redmi қурилмалари эса сотилишда давом этади. Афтидан, Redmi бренди маҳсулотларини кўпроқ кўрадиганга ўхшаймиз. «Вақт ўтиши билан маҳсулот серияларининг номланиш қоидалари — Xiaomi ва Redmi — бизнинг экотизимимиз ва IoT маҳсулотларимизга ҳам жорий қилинади», дейди компания вакили. Xiaomi ўзининг Mi брендидан воз кечиши мумкинлиги янги Mix 4 смартфони номига «Mi» сўзи қўшилмаганидан ҳам аёнлашади.

ЎҚИНГ: Яна бир янги Redmi смартфони чиқмоқда

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!