Энди қабр тошлар ҳам iPhone кўринишида бўладими?

Энди қабр тошлар ҳам iPhone кўринишида бўладими?

Qalampir.Uz‘нинг ёзишича, Новосибирскдаги жаноза хизматларини таклиф этувчи маҳаллий фирмаларнинг бири  қабр тошлари кўргазмасида iPhone кўринишидаги қабр тошини омма эътиборига ҳавола этди. Ўша заҳоти бу қабр тошининг оригинали ўз харидорини топди ва у Красноярскка жўнатиб юборилди.

Маълумотларга кўра, қабр тоши 65 минг рублга баҳоланган. Корхона раҳбари бундай кўринишдаги қабр тошини яратиш ғоясини интернетдан олганини айтди. Унинг айтишича, бу ғоя орқали тошни силлиқлаш технологияси намойиш қилиш мақсад қилинган. Бироқ одамлар буни жиддий қабул қилиб, бирин-кетин шунда кўринишдаги қабр тошига буюртма бера бошлаган.

iPhone кўринишидаги қабр тошининг сурати интернет тармоқларига жойлаштирилгач, у кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг танқидларига сабаб бўлди. Кўпчилик уяли алоқа воситаси кўринишидаги қабр тошини нафақат динга, балки марҳумларга нисбатан ҳурматсизлик деб саналишини айтган.

Маълумот учун, бугунги кунда кўплаб ривожланган мамлакатлар қаторида Россиядаги қабристонларга ҳам турли кўринишдаги қабр тошлари ўрнатилмоқда. Баъзи жаноза хизматларини таклиф этувчи ташкилотлар харидорларга сваровски тошлари билан безатилган қабр тошларини таклиф қилишмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!