Энди техник ёрдам хизматлари 180 сония ичида жавоб беришга мажбур!
Ўзбекистонда илк бор «Телекоммуникация тармоқлари. Маълумотлар етказиш хизматларининг кўрсаткичлари ва сифат меъёрлари» давлат стандарти қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат маълумотлар етказиш хизматларининг асосий кўрсаткичлари ва сифат меъёрларини ҳамда уни баҳолаш усулларини белгилайди. Стандарт томонидан қўйилган талаблар телекоммуникация операторлари ва телекоммуникация хизматлари провайдерлари учун маълумотлар етказиш хизматини амалга ошириш жараёнида мажбурий саналади.
Жумладан, ўз вақтидан илгари узилишлар билан туговчи боғланишлар улуши умумий боғланишлар миқдорининг 2 фоизидан ошмаслиги лозим. Маълумотлар етказиш тезлиги коэффициенти шартномада қайд этилган тезликнинг 70 фоизидан кам бўлмаслиги зарур.
Операторнинг техник ёрдам хизматининг жавоби (алоқага чиқиши) 180 сониядан ошмаслиги лозим. Маълумотлар етказиш тармоғига қайта уланиш вақти эса 10 соатдан кам бўлиши керак. Телефон орқали техник ёрдам хизматининг мавжудлиги коеффициенти ушбу хизмат умумий миқдорининг 85 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Мазкур стандарт «UNICON.UZ» ДУК томонидан халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 2018 йил 10 мартдан амал қилади.
ЎҚИНГ: Мобил операторларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги кўрсаткичлари қанақа?