Энди Twitter ҳам TikTok'лашишни бошлади

Энди Twitter ҳам TikTok'лашишни бошлади

Twitter компанияси ўзининг янги блог постида маълум қилишича, платформада улашилган видеолар ҳар йили миллиардлаб кўришлар сонига эга бўлади. Эндиликда компания фойдаланувчилар дунёда нималар содир бўлаётгани ҳақидаги видеоларни осонроқ топишлари ва кўришлари учун видеоларга оид иккита янги ўзгартиришлар киритаётганини эълон қилди.

Маълум бўлишича, энди Twitter'даги видеоларни устига босишингиз билан улар тўлиқ экран ҳолатига ўтади. Исталган видеони тепага кўтариш билан сиз яна бошқа видеоларни кўришингиз мумкин бўлади. Видеолардан чиқиш учун эса чап юқори бурчакдаги чиқиш тугмасини босиш кифоя. Ушбу янгиланган видео плеер бир неча кунлардан сўнг Twitter'дан инглиз тилида, iOS'да фойдаланувчиларга юборилади.

Шунингдек, Twitter'нинг қидирув бўлимига "Сиз учун видеолар" каруселини ҳам қўшилмоқда. У ердан фойдаланувчилар ижтимоий тармоқда энг кўп улашилаётган видеоларни топишлари мумкин бўлади. Айни вақтда ушбу хусусият фақат танланган мамлакатларда, инглиз тилидаги Twitter'дан, Android ва iOS'да фойдаланаётган учун мавжуд.

Тўлиқ экранли видеоларнинг чексиз лентаси TikTok муваффақиятидан кейин кўплаб ижтимоий тармоқлар, YouTube (Shorts), Instagram (Reels) платформаларида алоҳида бўлимларда пайдо бўлди. Гарчи Twitter бошқалар каби TikTok'нинг асосий хусусиятини бутунлай кўчириб олмаётган бўлса ҳам, видеоларга алоҳида эътибор қаратилиши ва келажакда ижтимоий тармоқнинг видеолар учун энг яхши жойга айлантирилиши матнли хабарлар платформаси учун катта ўзгаришдир.

ЎҚИНГ: Instagram'га Story'га ўхшаш янги хусусият қўшилмоқда

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!