Энг антиқа – биттаям клавиши бўлмаган тугмачали телефон 19 доллардан сотиляпти!

  •   DiMaX
  •  1673
  •  30.01.2021 12:35

Энг антиқа – биттаям клавиши бўлмаган тугмачали телефон 19 доллардан сотиляпти!

Сенсор экранли смартфонлар оммалашиб кетганига анча бўлди, лекин анъанавий – тугмачали телефонлар ҳалиям кенг истеъмолда. Янги чиққан D.Phone F2 модели ҳам улар сирасига кирса-да, моддий тугмачаси йўқлиги билан барчасидан ажралиб туради.

ЎҚИНГ: Тугмачали телефонлар бозори: Nokia иккинчи ўринда, унда етакчи ким?

Бу телефонда биттагина – қурилмани ўчириб-ёқиш тугмачаси бор, у корпуснинг тепа қиррасида жойлашган. Ён қирраларида, олд ва орқа томонларида эса бирортаям тугмача йўқ – ҳаттоки смартфонларда ҳам мавжуд бўлган овозни созлаш тугмачасиниям унда топа олмайсиз!

Ғалатими? Бир қарашда шунақа, лекин D.Phone F2 сири оддий – унинг клавиатураси сенсорли, экрани эса – тугмачали телефонлардаги сингари оддий. Унда диагоналига 2.31 дюймлик TFT-дисплей қўлланган бўлиб, аниқлиги 240х320 пикселга тенг.

D.Phone F2 модели рус тилини ҳам қўллаб-қувватлайди, Bluetooth ҳамда 2G тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Камера умуман йўқ, лекин калькулятор, будильник, календарь, диктофон, аудиоплеер ҳамда иккита SIM-карта ва хотира картаси учун гибрид слот мавжуд.

ЎҚИНГ: Nokia иккита афсонавий телефонини 4G-версияда тақдим этди (+видеолар)

Антиқа телефон аккумуляторининг ток сиғими 900 мА/соатни ташкил этади. Унда энг асосий – қўнғироқ қилиш ва SMS-хабар ёзиш, шунингдек тугмачали телефонларга хос бўлган бошқа айрим функциялар бор, шунинг ўзи кифоя.

Дизайнига кўра D.Phone F2 анча жозибадор: юпқа ва ихчам (136х58,5х6,7 мм), корпусининг олд ва орқа панеллари чеккалари қайрилган. Уни уч хил – оқ, қора ва қизил ранглардаги корпусларда сотувга чиқаришган.

AliExpress онлайн савдо майдончасида D.Phone F2 телефонини атиги 18,89 АҚШ долларидан бошланувчи нархларда сотишмоқда. Унинг барча хусусиятлари ҳамда расмлари билан танишиш, буюртма бериш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: AliExpress асосчиси топилди: Жек Ма уч ой давомида қаерда эди?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!