Энг бенуқсон iPhone модели аниқланди ва бу...

  •   DiMaX
  •  3210
  •  06.02.2018 14:45

Энг бенуқсон iPhone модели аниқланди ва бу...

Apple ҳар йили юз миллионлаб смартфон сотади, табиийки, улар орасида техник хатоликларга эга бўлган қурилмалар ҳам бўлиб туради. Турли моделлардаги айфонлар, жумладан, iPhone X моделида учраётган камчиликлар сабабли «олмали» корпорация узр сўраган ҳоллар ҳам бўлмоқда.

ЎҚИНГ: iPhone X'да кичик бир муаммо бор

Ўринли савол туғилади: ҳамонки, технологиянинг сўнгги мўъжизаси сифатида эътироф этилаётган iPhone X ҳам шунча камчиликлар билан чиқаётган бўлса, ўзи қайси айфон моделида нуқсон кам экан?

Мутахассислар бу масалага жиддий ёндашиб, кейинги йиллар мобайнида купертинолик гигантнинг турли моделларга мансуб смартфонларида кенг кўламда учраган муаммоларни ўрганиб чиқишди. Тадқиқотда фақатгина оммавий тус олган брак ҳолатлари инобатга олинди. Камдан-кам учрайдиган майда-чуйда нуқсонлар, масалан, айрим iPhone X намуналарида экрандаги тикка яшил чизиқ борлиги кабилар ҳисобга киритилмади.

ЎҚИНГ: iPhone 8 Plus’да яна бир муаммо чиқди!

Айтиш керакки, турли моделларда ўзига хос муаммолар борлиги аниқланди. Масалан, iPhone 6 Plus’ларнинг экрани липиллаб қолиши, айрим iPhone 6s моделлари кутилмаганда ўчиб-ёниши, баъзи iPhone 7’ларда сигнал йўқолиб қолиши...

Яна таъкидлаш ўринлики, юқорида тилга олинган муаммоларнинг оммавий тарзда учраётганини Apple расман тан олган ва улар учун мижозларга қулай шароитларда таъмирлаш дастурини ишга туширган.

ЎҚИНГ: Apple ноилож ўз айбини тан олди

Хулласи калом, шу тариқа фойдаланувчилар томонидан шикоятлар энг кам тушган айфон модели аниқланди. Бу – 2016 йили тақдим этилган ва бутун дунёда катта талаб билан сотилиб келаётган iPhone SE модели бўлиб чиқди.

Ушбу айфонда ҳеч қандай оммавий учрайдиган камчилик топилмаган, шу боис мутахассислар айнан iPhone SE’ни энг бенуқсон айфон, дея эътироф этишди. Бу фикрга кўплаб фойдаланувчилар ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, Apple мазкур смартфонини бу йил янгича талқинда тақдим этиши кутилаётир. Кўплаб кузатувчиларнинг фикрига кўра, у юбилей айфони ва бошқа – нисбатан янги моделлардаги айрим технология ютуқларини ҳам ўзида жамлаган бўлади.

ЎҚИНГ: iPhone SE 2 зўр смартфон бўлади, 3 та "минус"ни ҳисобга олмаганда