Энг илғор процессор ва кучли камерага эга iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max тақдим этилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1449
  •  13.09.2018 10:09

Энг илғор процессор ва кучли камерага эга iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max тақдим этилди (+видео)

Аввал хабар берганимиздек, Apple корпорацияси 12 сентябрь куни ўзининг янги маҳсулотлари тақдимотини ўтказди. Ушбу тадбир Калифорния штатида, компания штаб-квартираси ёнида жойлашган Стив Жобс номидаги Театрда ташкиллаштирилди.

ЎҚИНГ: Apple’нинг янги гаджетлари: нарх, хусусият ва суратлари тақдимотдан бир ҳафта аввал чиқиб кетди

Ушбу тадбирдан кутилган асосий воқеа – янги авлод смартфонлари бўлиб, «олмали» корпорация энг илғор айфонларини икки моделда тақдим этди – iPhone Xs ва iPhone Xs Max. Лўнда қилиб айтганда, улар ўзаро фақат корпус ва дисплей ўлчами, шунингдек батарея сиғимига кўра фарқланади. Қолган жиҳатлари бир хил: ҳар иккаласига сўнгги авлод процессори ҳамда янада кучли камера ўрнатилган, шунингдек улар IP68 стандартига кўра сувдан ҳимояланган.

«Оддий» флагман – iPhone Xs модели диагоналига 5,8 дюймлик, унинг «Max» версияси эса 6,5 дюймлик экранга эга. Улар OLED технологиясига асосланган Super Retina турига мансуб дисплейлардир. Бу айфонлар экранлари контентни HDR сифатида узата олади, яна маълум вақт янгиланиш частотасини 120 Гц.гача чиқара билади.

Ҳар иккала телефон 8 ядроли нейрон чипли Apple A12 Bionic процессор базасида ишлайди. 7 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган мазкур чип ўтган йилги «аждод»ига қараганда нақ 50 фоизга энергия тежовчи ва 50 фоизга тезкорроқдир. Флагман айфонлар 64, 256 ва 512 гигабайтлик доимий хотирага эга талқинларда чиқарилади.

iPhone Xs ҳамда iPhone Xs Max моделлари 12 мегапикселли қўшалоқ асосий камера билан таъминланган. У ҳар қандай шароитларда ҳам iPhone X камерасидан кўра яхшироқ суратга ва видеога олади.

Смартфонларнинг олд камераси 7 мегапикселли, аммо портрет режимини қўллаб-қувватлайди. Янги технологиялари шарофати билан, iPhone Xs ва iPhone Xs Max олинаётган расмларда кишиларнинг кўзи қизил бўлиб қолиши ва бошқа майда нуқсонларни ўзи тўғрилаб юборади. Суратга олгандан сўнг ҳам ранглар кескинлигини созлаш мумкинлигини алоҳида таъкидласак арзийди. Бундай имконият бир ой аввал бозорга чиққан Samsung Galaxy Note 9 флагманида ҳам мавжуд.

iPhone Xs ва Xs Max олд камерасидаги TrueDepth тизими орқали юзни таниш – Face ID технологияси билан таъминланган.

«Олмали» корпорация илк бора Dual SIM смартфон чиқарди – iPhone Xs ва Xs Max моделлари DSDS технологияси бўйича бир вақтнинг ўзида иккита SIM-карта билан ишлай олади. Аммо бунда биттаси одатий бўлса, иккинчиси виртуал – eSIM картаси ҳисобланади. Афсуски, бу технология кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ишламайди. Купертиноликлар Хитой бозорига кўпроқ эътибор қаратишган: у ер учун иккита «ҳақиқий» – моддий SIM-карта бўлмачасига эга iPhone Xs ва Xs Max версияларини чиқаради.

Янги айфонларнинг автоном ишлаш қобилиятига келсак, Apple бу масалага ҳам жиддий қараган. Ўтган йилги iPhone X моделига нисбатан iPhone Xs модели 30 дақиқа, iPhone Xs Max эса – нақ 1,5 соатга кўпроқ ишлай олади.

Қуйида ушбу айфонларга бағишлаб тайёрланган расмий видеолавҳани томоша қиламиз:

«Олмали» корпорация iPhone Xs ҳамда Xs Max смартфонларини 21 сентябрдан қора, тилларанг ва кумушранг тусли корпусларда сотувга чиқаради. Бошланғич – 64 ГБ хотирали iPhone Xs нархи 999 АҚШ долларидан бошланса, «Max» версияли янги айфон учун 1099 доллардан бошланган нарх белгиланган.

Купертинолик корпорация 12 сентябрдаги тадбирида яна ҳамёнбоп iPhone XR русумли смартфонини ҳам тақдим этган, бу ҳақдаги хабаримиз билан ҳам бироздан сўнг танишасиз.

Аввалги йилларда тақдим этилган айрим моделлардаги эса iPhone’ларни Ўзбекистоннинг исталган еридан онлайн харид қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’даги барча iPhone’лар нархлари – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади! (2018 йил 10 сентябрь)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.