Энг инновацион, рекордчи ромсиз ва яна бир қатор технологияларда етакчи Vivo NEX смартфонлари тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2754
  •  13.06.2018 11:11

Энг инновацион, рекордчи ромсиз ва яна бир қатор технологияларда етакчи Vivo NEX смартфонлари тақдим этилди! (+видео)

BBK Electronics корпорациясига қарашли Vivo компанияси, ниҳоят, 12 июнь куни ўзининг NEX туркумидаги ромсиз смартфонларини тақдим этди. Уларнинг бундан бошқа ҳам илғор жиҳатлари, ҳатто етакчи смартфонсозлар маҳсулотларида ҳам учрамайдиган хусусиятлари бор.

ЎҚИНГ: Эртагаёқ тақдим этиладиган – жаҳонинг энг инновацион смартфонини «жонли» видеода кўрамиз!

Vivo NEX смартфонларида корпус олд юзасининг 91,24 фоиз майдонини дисплей эгаллаган – бу борада у рекордчига айланди. Айтиш керакки, мазкур кўрсаткич Apple iPhone X суперфлагманида 82,9 фоизга, Samsung Galaxy S9 флагманида эса 84,2 фоизга тенг.

Ушбу янги туркумга NEX Ultimate (NEX S) ҳамда NEX моделлари киради. Улар бир-биридан процессори ва хотира ҳажми, шунингдек, дактилоскопик датчигининг жойлашувига кўра фарқ қилади.

Vivo ўзининг янги флагманларида диагонали 6.59 дюймга тенг бўлган Super AMOLED дисплей қўллаган. Унинг тасвир аниқлиги 2316x1080 пикселни ташкил этади. Экран тепасидаги ромдан буткул халос бўлиш учун смартфон конструкцияси бутунлай ўзгартирилган. Унинг 8 мегапикселли ва f/2.0 диафрагмали олд камераси корпус ичига яширилган бўлиб, керакли пайтда юқори қирра ичидан чиқади.

ЎҚИНГ: Vivo тағин олдинда: олд камераси юқоридан чиқувчи, сканер ва динамиги ромсиз экранга жойланган илк смартфон! (+видео ва фотолар)

NEX смартфонларида биз кўникиб қолган – моддий сўзлашув динамиги йўқ! Гап шундаки, ушбу смартфонларда Screen SoundCasting технологияси қўлланган: унда товуш бевосита дисплейнинг ўзидан чиқади.

Таъкидлаш керакки, NEX S моделида нафақат сўзлашув динамиги, балки бармоқ изи сканери ва ҳатто ёруғлик/яқинлашув датчиклари ҳам экраннинг ўзига интеграция қилинган! Оддий – Vivo NEX моделида эса дактилоскопик сенсор корпуснинг орқа панелидан ўрин олган.

Трендларга уйғун ҳолда, Vivo NEX туркумидаги ҳар иккала смартфоннинг асосий камераси қўш модулли. Бу объективлардан бири – f/1.8 диафрагмага ва оптик барқарорлаштириш тизимига эга бўлган, 12 мегапикселли Sony IMX363 датчигидир. Иккинчиси эса f/2.4 диафрагмали, 5 мегапикселли сенсор бўлиб, асосан портрет режимида орқа фонни хиралаштириш учун қўлланади.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг инновацион смартфон: «жонли» суратлар, тақдимот санаси ва рекорд нарх!

Vivo’нинг янги флагмани – NEX Ultimate моделига Qualcomm компаниясининг флагман процессори – Snapdragon 845 ўрнатилган. Унинг тезкор хотираси 8 гигабайтга, доимий хотираси эса, версияга боғлиқ ҳолда, 128 ёки 256 гигабайтга тенг. Ўртача модификация ҳисобланувчи NEX моделининг «электрон юраги» эса Snapdragon 710 бўлиб, тезкор ва ички хотирасининг ҳажми тегишлича 6 ҳамда 128 гигабайтни ташкил этади.

Мазкур янги туркумдаги барча смартфонларнинг аккумулятори 4000 мА/соатлик ток сиғимига эга. Яна бошқа умумий жиҳатларига келсак: ҳамма версияларда корпус ўлчамлари 162x77x7,98 миллиметрга, вазни эса 199 граммга тенг. Шунингдек, уларнинг барига Energy UI график қобиғи остидаги Android 8.1 операцион тизим талқини ўрнатилган.

Мана, ушбу энг инновацион смартфонга бағишлаб тайёрланган лавҳани томоша қиламиз:

Энг қизиғи – нархига келадиган бўлсак, бошланғич модификациядаги Vivo NEX модели учун 600 АҚШ доллари миқдорида қиймат белгиланган. NEX Ultimate флагманининг нархи эса, доимий хотира ҳажмига қараб – 128 гигабайтлиги учун 700 доллар, 256 гигабайтлигига эса 780 доллар тўлашга тўғри келади.

Табиийки, мазкур нархлар Vivo NEX смартфонларининг «ватан»и – Хитойнинг ўзиданига амал қилади. Бордию улардан бирортасини AliExpress ёки бошқа бирор онлайн савдо платформалари орқали сотиб олишни кўнглингиз тусаб қолса, нархлар бироз ўзгариши турган гап. Агарда онлайн харид борасида тажрибангиз етарли бўлмаса, у ҳолда товарларга «Terabayt.uz» сайтимиз орқали буюртма бериш имкони ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.