Энг кўп «соққа» келтирган мобил ўйинлар: июлда ғолиб нақ $299 млн ишлаб олган!

  •   DiMaX
  •  889
  •  12.08.2021 15:43

Энг кўп «соққа» келтирган мобил ўйинлар: июлда ғолиб нақ $299 млн ишлаб олган!

Sensor Tower жорий йилнинг июль ойида энг кўп моддий фойда келтирган мобил ўйинлар рейтингларини эълон қилди. Унга кўра, PlayerUnknown's Battlegrounds ўйинининг смартфонларга мўлжалланган версияси – PUBG Mobile энг сердаромад бўлган.

ЎҚИНГ: PUBGB кутилмаганда номини ўзгартирди ва бир ҳафта бепул бўлди!

Шундай қилиб, 2021 йилнинг июль ойида ўз ижодкорларига энг кўп фойда келтирган ўйинлар ўнталигида PUBG Mobile етакчи. Ўтган ойда у 299 миллион АҚШ долларидан ошиқ пул ишлаб топган, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан нақ 26,7 фоизлик ўсишдир. Унинг асосий даромад манбаи – хитойлик геймерлардир: юқоридаги миллионларнинг 68,4 фоизи «Осмон ости салтанати»дан келган.

Иккинчи ўринни Honor of Kings эгаллаган – унинг тушуми 231 миллион доллардан зиёдроқ бўлиб, ўтган йилнинг июль ойидаги даромаддан атиги 2 фоизга кўп. Унга харажат қилиш бўйича хитойлик ўйинчилар чемпион бўлишган – «соққа»нинг нақ 94,7 фоизи шу юртдан йиғиб олинган!

ЎҚИНГ: Мусулмонлар эътирози боис PUBG Mobile’дан бутпарастлик анимацияси олиб ташланди

Энг сердаромад ўйинлар ўнталигининг кучли бешталигига Genshin Impact, Pokemon GO ва Roblox яна ҳам кирган.

Қуйидаги скриншотда биринчи устунда ҳар иккала мобил платформада олган даромади, ўрта устунда – App Store орқали кўрган фойдаси ҳамда ўнгдаги устунда – Google Play орқали ишлаб топган пули бўйича кучли ўнталик акс эттирилган:

Кўряпмизки, Android-қурилмалар эгалари энг кўп пул сарфлаган ўйин Coin Master экан.

ЎҚИНГ: Ўйин яратувчилари қаердан ва қанча пул топади?

Алоҳида таъкидланишича, Pokemon GO чиққанидан бери бешинчи энг сердаромад ойни бошидан ўтказган – унинг муаллифлари ўтган ойда 150 миллион доллардан ошиқ пул ишлаб олишган. Ўйин ичидаги йиллик Pokemon GO Fest фестивали эвазига, унинг 17–18 июль кунлари топган фойдасининг ўзиёқ 21 миллион долларга етган.

Умуман олганда, мобил ўйинларнинг глобал бозорида 2021 йилнинг июлида 7,6 миллиард доллар айланган. Бу эса аввалги йилнинг шу ойидагига нисбатан 7,2 фоизга юқори кўрсаткич.

Мобил ўйинларга пул сарфлаш бўйича АҚШ геймерлари етакчи – юқоридаги сумманинг 29 фоизи айнан уларнинг чўнтагидан чиққан. Бу борада кучли учликка Япония (19,8%) ҳамда Хитой (17,4%) геймерлари ҳам кирган.

ЎҚИНГ: Ал-Азҳар университети Каъба бузилишини ўз ичига олган ўйинлардан огоҳлантиради (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!