Энг кучли флагманлар билан танишамиз! (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил июль)

  •   DiMaX
  •  1350
  •  08.08.2020 09:35

Энг кучли флагманлар билан танишамиз! (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил июль)

Куни кеча биз AnTuTu сервисида Хитойдаги фойдаланувчиларнинг текширувлари асосида июль ойидаги энг зўр флагманлар рейтингини чиқарган эдик. Мазкур бенчмарк энди бутун дунё бўйича энг кучли смартфонлар ўнталигини ҳам тақдим этди.

ЎҚИНГ: Энг қизиб кетувчи ва энг қизимайдиган смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил 2-чорак)

Март ойидан буён хитойча рейтингда биринчи ўринни қўлдан бермай келаётган Oppo компаниясининг Find X2 Pro флагмани июнда 609 045 балл билан глобал миқёсда ҳам лидерликка эришган эди. Июль ойига келиб ҳам у шоҳсупадан тушгани йўқ – 604 805 балл. Иккинчи ўриндаги OnePlus 8 Pro ҳам ўз позициясини йўқотмади, балки ўтган ойдагидан ҳам юқорироқ – 598 169 баллик натижа кўрсатди.

Энг қизиғи – Xiaomi компаниясининг арзончи брендига мансуб Redmi K30 Pro модели июлда кўрсатган натижалар ҳаммани ҳайратга солмоқда. Хитойдаги рейтингда у айни шу компаниянинг энг зўр смартфони – Xiaomi Mi 10 Pro флагманини ортда қолдириб, кучли учликка кирган бўлса, глобал рейтингда ҳам шуни такрорлади. Ҳа, «Хитойча Apple»нинг нисбатан арзон ушбу смартфони 591 525 балл билан учинчи, энг зўр флагмани эса 584 344 балл билан тўртинчи ўринни эгаллаган!

ЎҚИНГ: 394 долларлик Redmi K30 Pro минг долларлик iPhone 11 Pro Max’ни жангга чорлади! («жонли» видео)

Дунёдаги энг кучли флагманлар ўнталигида кейинги ўринларни тегишлича One Plus 8 (576 514 балл), Poco F2 Pro (572 854 балл), Xiaomi Mi 10 (566 566 балл), Galaxy S20 Ultra 5G (515 781 балл), Galaxy S20+ 5G (514 325 балл) ҳамда iQOO Z1 (510 960 балл) моделлари эгаллаган.

Эътибор берган бўлсангиз керак – бу ойдаги рейтингда ҳам Huawei компаниясининг ёки унга қарашли Honor брендининг бирорта ҳам модели йўқ.

Процессорлар бўйича олиб қараганда, ТОП-ўнталикнинг дастлабки еттита поғонасидаги смартфонлар Qualcomm компаниясининг Snapdragon 865 чипсети базасида ишлайди. Кейинги иккита поғонани банд этган флагманлар эса Samsung корпорациясининг Exynos 990 процессорига таянган.

Ва ниҳоят, ўнталикни якунлаб берган геймерофоннинг «электрон юраги» – Dimensity 1000+ чипсети базасида ишлайди; бу – MediaTek компаниясининг жаҳон бўйича энг зўр флагманлар рейтингидаги илк вакилидир.

Кейинги ойда рейтингларда жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда, зеро, яқинда америкалик чипсознинг янги – Snapdragon 865+ флагман чипсети тақдим этган. Унинг базасида ҳам аллақчон бир нечта смартфон намойиш этилиб улгурган, лекин тақдимоти кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган бир флагман ҳатто эски процессорлар билан ҳам уларнинг барчасини «ер тишлатган»!

ЎҚИНГ: AnTuTu рейтингини «портлатган» флагманнинг номи ва тақдимот санасини Xiaomi расман эълон қилди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!