Энг оммабоп ўйин Google Play’га ҳам чиқди – энди бемалол олиб ўйнанг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  4022
  •  22.04.2020 17:01

Энг оммабоп ўйин Google Play’га ҳам чиқди – энди бемалол олиб ўйнанг! (+видео)

«Шоҳона жанг» жанридаги Fortnite ўйини Android-қурилмалар учун 2018 йилиёқ тақдим этилган, аммо бошида фақат Samsung гаджетлари учун чиққан – уни Galaxy Store’дан ўрнатиб олишлари мумкин эди. Кейинроқ эса «яшил роботчали» девайсларга уни ишлаб чиққан Epic Games расмий сайти орқали ҳам тарқатишган.

ЎҚИНГ: Энг муваффақиятли мобил ўйин шу кунгача ярим миллиард доллар даромад келтирган

Epic Games ушбу ўйинини шу пайтгача Google Play расмий иловалар каталогига жойламасдан келаётган эди. Сабаби – ишлаб чиқувчи бунда Google’га 30 фоизлик комиссия ҳақи тўлаши керак. Шу боисдан геймерлар Fortnite’ни бошқа манбалардан ўрнатиб олиб ўйнаб келишаётган эди.

Fortnite лойиҳасининг Twitter-аккаунтида маълум қилинишича, ниҳоят, бу ўйинни Google Play дўконига ҳам чиқаришибди. Android тизимли қурилмаларга энди уни ушбу ҳавола орқали расман ўрнатиб олиш мумкин.

Манбаларга кўра, Epic Games студиясини шундай йўл тутишга турли усуллар орқали Google мажбур қилган. Яъни, Android тизимининг ўзи Google Play’дан олинмаган илова ва ўйинларда муаммолар келтириб чиқара бошлаган. Google Play Protect ҳимоя тизими эса четдан ўрнатилган дастурларни блоклай бошлаган. Fortnite аудиториясидан айрилиб қолмаслик учун, ўйинсозлар ноилож уни расмий каталогга ҳам чиқаришган.

ЎҚИНГ: Йилнинг энг зўр ўйинлари тақдирланди: The Game Awards 2019 (+видеолар)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!