Энг қиммат Apple Watch ҳам уддалай олмаган ишга қодир Haier Asu смарт-соати тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  1309
  •  02.03.2018 12:03

Энг қиммат Apple Watch ҳам уддалай олмаган ишга қодир Haier Asu смарт-соати тақдим этилди

«Ақлли» соатлар ҳақида гап кетганида, Apple фанатлари дарров Apple Watch’ни, Android-смартфонлар эгалари эса Samsung Gear S туркумидаги смарт-соатларни эслашади. Аммо тақилувчи гаджетлар бозорида бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳам бор ва айрим жиҳатлари бўйича булардан қолишмайди ҳам.

ЎҚИНГ: Apple Watch’дан уч карра арзон, 45 кун автоном ишлайдиган смарт-соат тақдим этилди

Куни кеча тақдим этилган Haier Asu «ақлли» соати эса, ҳатто дунёдаги етакчи IT-корпорациялар маҳсулотлари ҳам уддалай олмайдиган функцияга эга бўлди. Бу девайснинг асосий ўзига хослиги шундаки, соатнинг ўзига бетакрор проектор жойланган!

Haier Asu 1,54 дюймлик дисплейга эга, унда акс этган турли маълумотларни эса соат проектор бевосита фойдаланувчининг қўли юзасига «чиқариб» бера олади. Масалан – сана, вақт, юрилган масофа, ташланган қадамлар сони, сарфланган калория ва ҳоказо маълумотлар.

Булардан ташқари, янги девайснинг мақтанишга арзигулик яна бир хусусияти бор: уни ишоралар орқали бошқарса бўлади! Бунинг учун фойдаланувчи Haier Asu’нинг ўзига тегинмасдан туриб, ўз қўлида ишораларни бажарса етарли. Шунга ўхшаш технологияга эга бўлган «ақлли» соат устида етакчи технологик компаниялардан бири ҳам ишлаётгани ҳақида яқинда хабар берган эдик.

ЎҚИНГ: Huawei умуман тегинмасдан бошқарилувчи смарт-соат тайёрламоқда

Haier Asu соатини Барселонада бўлиб ўтган MWC 2018 кўргазмасининг охирги куни оммага намойиш этишди. Мазкур гаджет 4G LTE тармоғида ишлай олади, 1,2 ГГц такт частотасида ишловчи процессор (ишлаб чиқарувчиси ва модели маълум қилинмаган) ва 1 гигабайтлик тезкор хотирага эга. У яна GPS, LTE 4G, гироскоп, юрак уриши сканери каби датчиклар билан ҳам жиҳозланган. Бунинг устига, смарт-соат корпуси IP65 стандарти бўйича чанг ва намдан ҳимояланган.

Ишлаб чиқарувчининг эътироф этишича, ушбу «ақлли» соат ҳали такомиллаштиришга муҳтож ва компания ходимлари ҳозирда бунинг устида ишлашмоқда. Смарт-соат жорий йилнинг иккинчи чорагида савдога чиқарилиши мумкин. Унинг нархи маълум қилинмаяпти, таҳлилчилар фикрига кўра, Haier Asu тахминан 149 АҚШ долларига баҳоланса керак.

ЎҚИНГ: Samsung Gear S4 смарт-соати Apple Watch’дан ҳар томонлама устун бўлади

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.