Энг қудратли Android-флагманлар глобал рейтингида янги қирол! (Antutu, 2021 йил июль)

  •   DiMaX
  •  742
  •  11.08.2021 09:32

Энг қудратли Android-флагманлар глобал рейтингида янги қирол! (Antutu, 2021 йил июль)

Биз сўнгги кунларда AnTuTu сервисининг июль ойига мансуб учта рейтингини эълон қилганмиз: энг тезкор Android-флагманлар рўйхати, эгалари рози бўлган смартфонлар ҳамда ҳамёнбоп смартфонларнинг энг зўрлари рейтинглари. Лекин буларнинг бари бенчмаркда фақат хитойлик фойдаланувчилар ўтказган тестларга асосланган эди.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 Plus чипли илк смартфон – GeekBench рекордчиси AnTuTu’да ҳафсалани пир қилди

Энди бўлса AnTuTu жамоаси халқаро бозордаги энг кучли Android-смартфонлар рўйхатини ҳам тақдим этди ва у хитойча рейтингдан сезиларли фарқ қилади. Ундаги ўнта қурилма ҳам Qualcomm Snapdragon 888 процессори базасидаги флагманлардир.

2021 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра AnTuTu глобал рейтингида 820 936 баллик натижа билан iQOO 7 модели шоҳсупага кўтарилган. Ҳолбуки, Vivo компаниясининг ўйинбоп қурилмаларга асосланган iQOO бренди январда чиқарган ушбу флагман хитойча рейтингда атиги еттинчи ўринда эди!

Май ойидаги AnTuTu рейтинги ғолиби – Realme GT бу гал 816 887 балл билан иккинчи ўринда. Кучли учликка 807 388 баллик кўрсаткич билан Asus ROG Phone 5 якун ясаган. Эътибор беринг – рейтинг бошидаги учта қурилма ҳам айнан мобил ўйинларга мосланган смартфонлардир.

ЎҚИНГ: «Қурилмаларни қийновчи» влогер: «2021 йилнинг энг мустаҳкам геймерофони шу экан!» (видео)

Кўриб турганингиздек, июль ойидаги энг қудратли Android-смартфонлар ТОП-ўнталигига яна қуйидаги моделлар кирган:

  1. OnePlus 9 Pro (798 549 балл)
  2. Xiaomi Mi 11 Ultra (792 702 балл)
  3. Xiaomi Mi 11 (786 183 балл)
  4. Sony Xperia 1 III 5G (785047 балл)
  5. Xiaomi Mi 11i (785 047 балл)
  6. Redmi K40 Pro (777 314 балл)
  7. Galaxy S21 Ultra 5G (772 170 балл)

Ушбу рўйхатга энг кўп вакиллари кирган ишлаб чиқарувчи эса Xiaomi ҳисобланади – кучли ўнталикда Mi туркумининг учта, Redmi брендининг битта смартфони мавжуд. Қолган смартфонсозлардан ҳар бирининг фақатгина биттадан флагманлари кучлилар ўнлигига кирган.

Юқоридаги рўйхатни шакллантириш учун 2021 йилнинг 1–31 июль кунлари бутун дунёдаги фойдаланувчилар томонидан AnTuTu бенчмаркида камида минг марта текшириб кўрилган смартфонларнинг ўртача (энг юқори эмас) натижалари олинган.

ЎҚИНГ: Августда чиқаётган янги флагман GeekBench’да рекорд ўрнатди