Энг қудратли флагманлар – iPhone 11 Pro ҳамда iPhone 11 Pro Max билан танишамиз! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2830
  •  11.09.2019 18:57

Энг қудратли флагманлар – iPhone 11 Pro ҳамда iPhone 11 Pro Max билан танишамиз! (+видео)

Купертинолик техногигант 10 сентябрь куни бўлиб ўтган тадбирида ўзининг янги авлод смартфонларини тақдим этди. Улардан энг арзони iPhone 11 деб номланган бўлса, иккита флагман модел iPhone 11 Pro ва iPhone 11 Pro Max деб аталди.

ЎҚИНГ: iPhone 11 – бу йилги энг арзон айфонни қарши оламиз! (+видео)

Корпус ва дисплей

Apple iPhone 11 Pro модели диагоналига 5,8 дюймлик, тасвир аниқлиги 2436х1125 пиксел бўлган Super Retina XDR дисплей билан жиҳозланган. Ундаги OLED-панелнинг максимал ёрқинлиги 1200 кд/м2, констрастлиги эса 2000000:1 бирликни ташкил этади.

Мазкур смартфон корпуси қайта ишланган алюминийдан ва, Тим Кук таъкидлашича, ушбу саноатда қўлланганлари орасида энг мустаҳкам шишадан тайёрланган. Ўлчамлари 144х71,4х8,1 миллиметрни ташкил этади, вазни эса 188 граммга тенг.

iPhone 11 Pro Max ундан айтарли фарқ қилмайди – ўлчамларини айтмаса, албатта. Дисплей ўлчами диагоналига 6,5 дюймлик, аниқлиги 2688х1242 пикселлик. Мазкур флагман Apple’нинг энг оғир смартфонидир – корпус ўлчамлари 144х71,4х8,1 миллиметр бўлгани ҳолда, у 226 грамм тош босади.

Иккала флагман айфоннинг қолган жиҳатларини бирйўла кўриб ўтамиз.

Самарадорлик ва автономлик

iPhone 11 Pro ҳамда 11 Pro Max аппарат таъминоти асосида Apple A13 Bionic процессори ётибди. 7 нанометрлик технологик жараёнга асосланган саккиз ядроли ушбу чипсетни ишлаб чиқишда компания машинавий таълим технологиясига алоҳида эътибор қаратган. Нейрон микропроцессорнинг самарадорлиги сониясига 1 триллион операцияни ташкил этади. Apple A13 Bionic чипсети таркибидаги график процессор бултурги аждодига қараганда 20 фоизга тезкорроқ.

Бундан ташқари, операцион тизимни ҳам максимал даражада энергия тежайдиган қилишган, бунда янгиланган аккумуляторларнинг ҳам ўрни бор. Тақдимотда таъкидланишича, iPhone 11 Pro автономлиги ўтган йилги iPhone XS моделига қараганда тўрт соатга ошиқ. iPhone 11 Pro Max эса битта тўла қувват билан iPhone XS Max флагманидан беш соатга кўп ишлай олади.

ЎҚИНГ: Қайси iPhone’нинг батареяси қанчалик «бақувват» – барчаси битта рўйхатда!

Камера

Флагман айфонларнинг энг ажралиб турувчи (тўғри ва кўчма маъноларда) қисмларидан бири – уч модулли бош камерасидир. Улардан иккитаси 12 мегапикселлик сенсорларга ҳамда биттаси кенг бурчакли (F/1,8), иккинчиси ультракенг бурчакли (F/2,4) объективларга эга. Уларнинг учинчи шериги – F/2,0 апертурали телеобъектив бўлиб, икки карралик зумни қўллаб-қувватлайди.

Apple бу камераларнинг дастурий таъминотини ҳам такомиллаштирган: тунги режим яхшиланган, алоҳида съёмка қилиш функцияси қўшилган. Смартфоннинг самарадорлиги эса «осилиб» қолишларсиз камераларнинг биридан иккинчисига ўтиш имконини беради.

Ҳар иккала флагманнинг олд камералари, тегишли датчиклар билан бирга, экрандаги кемтикка жойланган. Уларнинг оптик сенсорлари ҳам 12 мегапикселлик бўлиб, селфи-камералар ҳам секинлаштирилган съёмка функциясига эга.

Қуйида iPhone 11 Pro’ларга бағишлаб тайёрланган расмий видеороликни томоша қиламиз:

Нарх-наво

iPhone 11 Pro модели доимий хотира ҳажмига кўра 64, 256 ва 512 гигабайтлик талқинларда таклиф этилади – уларнинг нархлари тегишлича 999, 1149 ҳамда 1349 долларидан бошланади.

iPhone 11 Pro Max ҳам худди шундай хотирали вариантларда ишлаб чиқарилиб, мос тарзда 1099, 1249 ва 1449 долларга баҳоланган.

Ҳар иккала флагман учун олдиндан буюртма 13 сентябрдан бошлаб қабул қилинади, 20 сентябрдан эса улар очиқ савдога қўйилади.

Олдинги русумлардаги iPhone’ларни эса 5 650 000 сўмдан бошланувчи нархлар эвазига Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Apple bug-қидирувчиларга махсус iPhone тақдим қилиши мумкин

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.