Энг тезкор ва технологик операцион тизим тақдим қилинди

Энг тезкор ва технологик операцион тизим тақдим қилинди

Кеча, 2018 йилнинг 4 июнь куни дастурчилар учун ташкил қилинган WWDC 2018 анжуманида Apple компанияси расман iOS 12 операцион тизимини тақдим қилди. Янги тизим фойдаланувчи учун жуда кўплаб қулайликларни таклиф қилади. Унинг ишлаб чиқарилишида асосий эътибор мобил қурилманинг тезкор фаолиятини таъминлашга қаратилган. Натижада эски iPhone, iPad ҳамда iPod Touch қурилмаларининг самарали фаолияти сезиларли даражада ошган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, iOS 11 билан таққослайдиган бўлсак, қурилмаларнинг тезкорлиги тахминан 40% га ошган.

iOS 12 операцион тизимида Apple Books номли китоб дўконлари ресурси ишга туширилган. Унинг ташқи кўриниши ҳамда функционал имкониятлари янгидан ишлаб чиқарилган. «Акциялар» (Stocks) иловасида эса энди Apple News номли янги хизмат ишга туширилди. Янги тенденциялар асосида тайёрланган дизайн ва фойдаланиш интерфейси диққатга сазовор. «Безовта қилмаслик» режими ҳам янгича кўринишда тақдим қилинган бўлиб, унда махсус функция татбиқ қилинган. Унинг ёрдамида телефондаги айрим функциялар, мисол учун огоҳлантириш ва индикатор ёқиб қўйилади. Улар фойдаланувчи уйғониши билан автоматик равишда ишга тушади.

Шу билан бирга, Apple компанияси янги операцион тизимда узоқ кутилган функция – огоҳлантиришларни гуруҳларга бўлишни ҳам жорий қилган. Созламалар орқали бу функцияни ёқиш ёки ўчириб қўйиш мумкин. Кимгадир ҳаддан зиёд огоҳлантиришлар келса, мазкур функция орқали уларни тартиблаш мумкин.

Шунингдек, iOS 12 тизимида яна бир қизиқ вазифа пайдо бўлди – энди фойдаланувчи ўз iPhone, iPad ёки iPod Touch қурилмасидан қанча вақт мобайнида фойдаланганини кузатиб боради. Унинг ёрдамида фойдаланувчи ижтимоий тармоққа кўп боғланиб қолгани ёки смартфондан кўп фойдаланаётганини билиб боради. Смартфон унга бирор бошқа фойдалироқ иш билан шуғулланишни, ҳеч бўлмаса ётиб ухлашни маслаҳат беради. Бу функция одамларни смартфон тобелигидан қутқариши мумкин.

Компаниянинг Face ID тизимини қўллаб-қувватлайдиган смартфонлари учун янгича эможилар тақдим қилинди. Яъни, энди фойдаланувчи ўзининг янада аниқроқ шахсий виртуал қиёфасини яратиши мумкин. Бунинг учун зарур тери ранги ҳамда кўз ранглари тақдим қилинган. Тақдимотда қайд этилишича, фойдаланувчи реал вақт режимида ўзининг эможисини яратади ҳамда ундан турли иловаларда фойдаланиши мумкин. Мисол учун, FaceTime иловаси ҳам мазкур виртуал қиёфани қўллаб-қувватлайди.

Янги тизим имкониятлари қаторида гуруҳли суҳбатларни киритиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида 32 киши мазкур функция орқали ўзаро суҳбатлашса бўлади.

CarPlay тизими эса автомобил ҳайдаётганда Apple Maps иловаси ўрнига унинг муқобиллари – Google Maps, Waze ва бошқа иловалардан фойдаланиш имконини беради. Энди телефондаги барча суратлар янада аниқ ҳамда яхши сақланади. Бунинг учун "сунъий ақл"га асосланган такомиллашган алгоритмлар бўйича қидирув тизимлари ишлаб чиқилган.

Шуларни инобатга олиб айтиш мумкинки, iOS 12 операцион тизими ўзи билан бирор туб ўзгаришни олиб келгани йўқ. Бироқ, бу тизим iPhone, iPad ҳамда iPod Touch қурилмаларининг фаолиятини янада тезлаштирган. Бу эса энг муҳим ва фойдаланувчи учун зарур ўзгариш.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.