Энг хавфли Android-вируслар-4: Faketoken

  •   DiMaX
  •  1250
  •  03.01.2018 15:33

Энг хавфли Android-вируслар-4: Faketoken

Android операцион тизими бошқаруви остидаги қурилмаларга тушиши эҳтимоли бўлган вируслар мавзусидаги навбатдаги мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Бу борада аввалги – Triada вируси хусусидаги мақоламизни мана бу, Marcher «банк трояни» ҳақидагисини мана бу, Loki тўғрисидаги мақолани эса мана бу ҳаволалар орқали ўқишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Android учун энг зўр 8 та антивирус

Аввалги мақолаларимизда тавсифлаб ўтилган вируслар «панадан» иш олиб бориб, сўнгги лаҳзаларгача ўзининг мавжудлигини билдирмайдиган бўлса, Faketoken бошқача – дангалчи вирусдир. У бошиданоқ смартфон эгасидан маъмур ҳуқуқини беришини сўрайди. Фойдаланувчи рад этса, у қайта ва қайта талаб қилаверади.

Бу дастурий таъминот нолегал сайтлардан олинган иловалар билан бирга қурилмага тушиб олади. Шундан кейиноқ у ўзининг мавжудлигини билдира бошлайди.

  • Faketoken трояни сиздан маъмурлик ҳуқуқини беришингизни талаб этади. Одатдагидек, бунга розилик билдиришингиз ёки рад этишингиз мумкин, албатта. Аммо рад жавобини берсангиз, Faketoken тизим маъмури ҳуқуқларини сўраш ойнасини яна чиқараверади. Токи смартфон эгаси «Э, бор-э, нима бўлса бўлди...» деганича унга ҳуқуқ бергунига қадар шу ҳол давом этади.
  • Шундан сўнг Faketoken қалқиб чиқувчи ойналарни акс эттириш имкониятини қўлга киритади ҳамда SMS юборувчи стандарт илованинг ўрнини эгаллаб, унинг ниқобида намоён бўлади.
  • Смартфонни забт этиб бўлгач, у интернетдан ўзини бошқарувчи сервер билан боғланади. Ўша ердан нақ 77 тилдаги шаблон жумлаларни юклаб олади. Сўнгра эса улар ёрдамида қурилма эгасига таҳдид қила бошлайди.
  • Шундан кейин Faketoken тизимда тўлиқ экранли хабар ойначаларини акс эттиришга киришади. Бу хабарлар «Ўзингизнинг Gmail-аккаунтингиз логини ва паролини киритинг» ва «Google Play’да энди банк пластик карточкаларини бириктириб қўйиш мажбурий бўлди, маълумотларни киритинг» қабилида бўлади. Табиийки, бунга эришмагунича жонингизга тегаверади.
  • Троян тизимда ўзини ривожлантириб боради: SMS-хабарлар юборади ва қабул қилади, қўнғироқларни амалга оширади, иловаларни юклаб олади ва ҳоказо. Охирида эса экранни блоклайди, ички хотира ҳамда microSD-картадаги барча маълумотларни шифрлаб ташлайди ва уларни очиш эвазига ҳақ сўрайди.

Faketoken ва шу каби бошқа Android-вируслардан сақланиш учун, смартфон ва планшетларингизнинг ҳимоясини ўзингиз таъминлашингиз лозим.

ЎҚИНГ: Android-смартфонни вируслардан ҳимоялаймиз