Ер юзида ҳар куни қанча смартфон сотилиши маълум бўлди

Ер юзида ҳар куни қанча смартфон сотилиши маълум бўлди

2016 йилнинг 2-молиявий чораги даврида жаҳон смартфон савдоси олдинги йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган. Шундай бўлса ҳам, мазкур давр ичида ҳар куни ер юзида 3.5 миллион дона смартфон етказиб берилган.

Бу ҳақида Canalys ва IDC халқаро маркетинг ва тадқиқот компаниялари нашр қилган ҳисоботда қайд этилган.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, IDC қайд этишича бу 90 кун ичида 343.3 миллион дона, Canalys талқинига кўра 330 миллиондан зиёд смартфон бозорга чиқарилган. Яъни, мазкур чоракда 2015 йилнинг шу давридагидан 1 миллион дона кам мобиль телефони сотилган.
Маълум қилинишича, Samsung смарфтон бозорининг мутлақ етакчиси сифатида 77-80 миллион дона “ақлли телефон” етказиб берган. Уларнинг аксариятини Galaxy S7 туркуми гаджетлари ташкил этади. Кейинги ўринга мухлисларига 40 миллион дона айфон етказиб берган Apple даъвогарлик қилмоқда. Бу “Олма”чи компания тарихидаги ёмон кўрсаткичлардан бири бўлиб, 21 мартда эълон қилинган iPhone SE компания ишончини оқламади.
Кучли учлик шоҳсупасидан Хитойнинг Huawei компанияси 30 миллион дона телефон етказиб бергани эвазига ўрин олган. Ундан кейинги 2 ўрин ҳам унинг ватандошлари — Oppo ва Vivo (16 миллион дона смартфон) компанияларига насиб қилган. Бу ёш компанияларнинг гаджетлари қисқа фурсат ичида нафақат Хитойда, шунингдек Осиё минтақасида ҳам оммалашиб улгурди.
Смартфон бозорининг қолган вакилларининг кўрсаткичи буларникидан ярим баробарга паст.
Ҳар иккала таҳлилчи компаниялар II чорак Apple учун “оғир” келганини қайд этганлар. Шу билан бирга, таҳлилчилар навбатдаги илғор айфонлар компаниянинг нуфузини қисқа фурсатда тиклашини айтмоқдалар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.