Error 404: очилмаётган, ҳатто ўчириб юборилган веб-саҳифани кўришнинг иккита осонгина йўли бор!

  •   DiMaX
  •  7817
  •  03.08.2018 11:43

Error 404: очилмаётган, ҳатто ўчириб юборилган веб-саҳифани кўришнинг иккита осонгина йўли бор!

Баъзан бирор сайт ёки унинг муайян бир саҳифаси очилмай қолади – браузер «Саҳифа топилмади» деган ўша машҳур 404-хатоликни кўрсатади. Бунинг сабаби турлича – сайтга хакерлар ҳужум қилган, унинг хостинги ишламай қолган ёки умуман бу саҳифа ўчириб юборилган бўлиши мумкин.

ЎҚИНГ: Давлат тест марказининг сайти хакерлар ҳужумига учради

Сабабидан қатъи назар, деярли барча очилмаётган веб-саҳифаларни очиб кўришнинг иккита усули мавжуд.

1-усул: Google кэшидан юклаш

Ушбу усул аксарият оммабоп браузерларда иш беради, фақат унда асосий қидирув тизими тарзида Google ўрнатилган бўлиши керак. Одатда Google ҳар қандай интернет-саҳифанинг нусхасини кэшлаб сақлаб боради. Шундай нусхасини очиш учун, браузерда унинг манзили олдига cache: ёзувини териб (ёки шу ердан нусхалаб ташлаб), кейин «Enter»ни босасиз. Шунда Google бу саҳифанинг кэшланган нусхасини кўрсатади – у асл саҳифадан айтарли фарқ қилмайди.

Мазкур усулнинг яхши жиҳатларидан бири – юқоридаги махсус ҳавола орқали саҳифанинг матн версиясини очиш ҳам мумкин. Бунда ортиқча расм, реклама ва бошқаларсиз фақат матннинг ўзини ўқиш анча қулайлашади.

2-усул: «Интернет архиви»дан очиш

Агарда излаётган веб-саҳифа Google кэши орқали очилмаса, уни «Интернет архиви»дан излаб кўришингиз мумкин. Бунда ҳам худди юқоридагидек – браузер манзил қаторига махсус ёзувни териш орқали очасиз. Яъни, топилмаётган саҳифа манзили олдига web.archive.org/web/ ёзувини киритиб (ёки шу ердан нусхалаб олиб ташлаб), кейин «Enter»ни босасиз.

Агарда мана шу икки усул билан ҳам саҳифа очилмаса, у интернетдан буткул ўчириб юборилган бўлиши эҳтимоли юқори.

ЎҚИНГ: Google Chrome тезлигини оширамиз

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!