Эртага жаҳондаги барча Apple логотиплари яшилга бўялади

Эртага жаҳондаги барча Apple логотиплари яшилга бўялади

Apple 20 апрел куни фирма дўконларида осиғлиқ олма меваси шаклидаги логотипини яшил рангга бўяйди. Боиси ҳар йили апрел ойида анъанавий нишонланадиган “Ер шари куни”ни “Олма” ҳам шу тахлит қўллаб-қувватлайди.

Илк маротаба 1970 йилда нишонланган бу анъана 1990 йилга келиб халқаро миқёсдаги акцияга айланди. Бу акцияга ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган Apple 20-22 апрел кунлари дунё миқёсидаги 130 та расмий дўконларига илинган логотипларини, аниқроғи “олма”нинг баргини яшилга бўяб қўйди. Бу рамзий ишора орқали компания Ер юзидаги барча давлатларни тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбааларига ўтишга чорлайди.

Шунингдек, “Ер шари куни” муносабати билан Apple ходимлари харидорларнинг диққатини атроф-муҳитдаги муаммоларга жалб қилиш мақсадида, яшил рангли футболка кийишади. Шу куни АҚШ дўконларида 80% қайта ишланган маҳсулотлардан тайёрланган қоғоз-қадоқлардан фойдаланилади.

“Ер шари куни” баъзи бир йирик шаҳарларда автомобил йўлларини ёпиш орқали табиатни ҳавога тарқаладиган зарарли газлардан ҳимоя қилинади, ҳудудлар тозаланиб, дарахтлар тартибга келтирилади.