Эртагаёқ тақдим этилаётган Huawei Mate X буклама 5G-смартфони: «жонли» сурат, илғор жиҳатлар ва нархи

  •   DiMaX
  •  1687
  •  23.02.2019 12:11

Эртагаёқ тақдим этилаётган Huawei Mate X буклама 5G-смартфони: «жонли» сурат, илғор жиҳатлар ва нархи

Huawei компанияси MWC 2019 очилиши олдидан эртага – 24 февралда Барселонада матбуот анжумани ўтказмоқда. Унда тақдим этиладиган буклама девайснинг номи Mate X эканлиги аниқланди.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Huawei буклама 5G-смартфонини MWC 2019’да кўрсатади! (+видео)

Weibo ижтимоий тармоғида эса тадбирга тайёргарлик жараёнидан «жонли» олинган инсайдерлик сурати тарқалди. Унда мазкур инқилобий гаджетнинг бир нечта ракурсдан олинган расми ва номи кўрсатилган.

Huawei Mate X моделининг Samsung Galaxy Fold қурилмасидан фарқлари ушбу суратда яққол намоён бўлган: унинг иккинчи экрани йўқ, корпуснинг ўзи дисплей ташқарида қоладиган қилиб букилади.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Samsung икки экран ва олти камерали Galaxy Fold буклама смартфонини тақдим қилди! (+видео)

Huawei Mate X диагоналига 8,05 дюймлик, BOE компанияси томонидан ишлаб чиқилган дисплейга эга (Samsung Galaxy Fold экрани эса – 7,3 дюймлик). Хитойлик техногигант ушбу моделидан бу йил 200 минг дона ишлаб чиқариши айтилмоқда.

Бундан ташқари, Huawei ижрочи директори Юй Чэндун (Yu Chengdong) куни кеча мазкур смартфон ҳақида айрим маълумотларни берган. Жумладан, бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларини қўллаб-қувватловчи ушбу девайснинг ҳали яна бир нечта «махфий сюрприз»лари ҳам бор.

Инсайдерлар берган янги маълумотларга кўра, компания Huawei Mate X моделини шунчаки флагман эмас, балки суперфлагман сифатида тақдим этади. Бу қурилма M-Pen стилуси, шунингдек, букилувчи экранга мослаштирилган янгича версиядаги EMUI график қобиғи билан таъминланади.

Huawei Mate X якка кристалли Kirin 980 процессори, иккита аккумулятор, 10 ГБ тезкор ва 512 ГБ ички хотирага эга бўлиши кутилаётир. Шунингдек, унга 1490 АҚШ доллари атрофида нарх белгиланиши ҳам айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Huawei буклама смартфонида қўлланувчи дисплейни BOE «жонли» видеода ишлатиб кўрсатди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!