Эски Google аккаунтингиз ўчириб юборилиши хавфи остида!

Эски Google аккаунтингиз ўчириб юборилиши хавфи остида!

2020 йилда Google бўш жой яратиш учун фойдаланилмаётган аккаунтдаги контентни (аккаунтни ўзини эмас) ўчириб юборишини маълум қилган эди. Бироқ, энди компания "актив бўлмаган аккаунт" билан боғлиқ қоидаларини янгиламоқда ва эндиликда улар тўлиқ ўчириб юборилади. Бу ҳақда у ўз блогида хабар бермоқда (9Tо5Google орқали).

Google энди аккаунтни ўчириб юборади – агар аккаунт эгаси ундан сўнгги 2 йилда фойдаланмаган бўлса. Албатта, аккаунт билан бирга ундаги барча маълумотлар: Gmail хабарлари, Drive, Docs ва Workspace платформаларидаги файллар ва шу билан бирга Google Photos'даги сурат ва видеолар йўқ қилинади. Аккаунтнинг ўчириб юборилишидан бир неча ойлар аввалдан Google унга ва унга уланган қўшимча электрон почтага бир қанча билдиришномалар юборади.

Компания ҳозирча YouTube видеолари бор фаолиятсиз аккаунтларни ўчиришни режалаштирмаяпти, чунки баъзи эски видеолар тарихий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Қолаверса, янги қоида фақат шахсий аккаунтлар учун амал қилади, бизнес ёки мактаблар томонидан бошқариладиган аккаунтлар учун эмас.

Қандай аккаунтлар актив ҳисобланади?

  • Аккаунтга вақти-вақти билан кириш
  • Электрон почтадаги хабарларни ўқиш (масалан, аккаунт ўчириб юборилиши ҳақидаги)
  • Google Drive'дан фойдаланиш
  • YouTube'дан видео кўриш
  • Play Store'дан илова ёки ўйин юклаб олиш
  • Google'дан бирон нарса қидириш
  • Учинчи томон илова ёки хизматларига Google аккаунт билан рўйхатдан ўтиш

Google'нинг эски аккаунтларни ўчириб юбориши ҳақидаги қарорни қабул қилишига хавфсизлик масалалари сабаб қилиб кўрсатилган:

"Бизнинг ички таҳлилимиз шуни кўрсатадики, ташлаб қўйилган аккаунтлар 2 босқичли верификация билан созланган фаол аккаунтларга қараганда камида 10 бараварга камроқдир. Яъни, бундай аккаунтлар кўпинча ҳимоясиз бўлиб, агар аккаунт бузилган бўлса, у шахсга оид маълумотларни ўғирлашдан тортиб, спам каби исталмаган ёки ҳатто зарарли контент тарқатишгача бўлган ҳар қандай нарса учун ишлатилиши мумкин"

Google актив бўлмаган аккаунтларни ўчиришни шу йилнинг охиридан, 2023 йил декабр ойидан ўчиришни бошлайди ва барчаси босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда компания энг биринчи бўлиб очилган, лекин қайтиб фойдаланилмаган аккаунтлардан бошлайди.