Эски иловалар App Store'дан ҳам олиб ташланади!

Эски иловалар App Store'дан ҳам олиб ташланади!

Apple ўзининг иловалар дўконидаги анчадан бери янгиланмаган ўйинлар ва дастурларнинг эгаларига "Иловаларни яхшилаш бўйича эслатма" хабарини электрон почта орқали юбормоқда. Унга кўра, дастурчилар ўз иловаларини 30 кун ичида янгиламасалар уларнинг иловалари App Store'дан олиб ташланади.

“Сиз ушбу иловани янги фойдаланувчилар қидириб топишлари ва юклаб олишлари учун 30 кун ичида янгилаш орқали App Store доʻконида сақлаб қолишингиз мумкин. Агар 30 кун ичида ҳеч қандай янгиланиш юборилмаса, илова сотувдан оʻчирилади.”, деб ёзади Apple ўзи юборган хатда.

Маълум бўлишича, эскирган иловаларнинг App Store'дан олиб ташланиши, уларни аввал юклаб олган фойдаланувчиларга таъсир қилмайди ва улар иловадан фойдаланишни давом эттиришлари мумкин бўлади.

Protopop Games ишлаб чиқарувчиси Роберт Кабве каби бир қатор дастур ишлаб чиқарувчилари бу ўзгаришга ўз хавотирларини билдирдилар. Кабвенинг Twitter'да айтишича, Apple унинг тўлиқ ишлайдиган Motivoto ўйинини 2019 йил март ойидан бери янгиланмагани учун олиб ташлаши мумкин экан: "Мен ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Apple менга ҳозиргина электрон почта хабарини юборди, улар менинг бепул Motivoto ўйинимни олиб ташлашяпти экан, чунки унга 2 йил бўлган. Бу яхши эмас. 2000 йилдаги консол ўйинлари ҳали ҳам сотувда. Бу ишлаб чиқарувчилар учун адолациз тўсиқдир."

Дастурчи Эмилиа Лазер-Уолкер ҳам Apple унинг бир нечта эски ўйинларини ўчириб ташлаётганини айтган: "Ўйинлар тугалланган нарсалар сифатида мавжуд бўлиши керак! Ушбу бепул лойиҳалар янгиланишлар ёки жонли хизмат учун мос эмас, улар йиллар олдин тугалланган санъат асарларидир."

Бир нечта бошқа iOS дастурчилари ҳам худди шундай воқеа ҳақида изоҳлар қолдиришган ва улар ўзларининг иловаларини янгилашга вақтлари йўқлигини таъкидлашган.

Apple ўзининг "App Store яхшиланишлари" саҳифасида: “Биз энди моʻлжалланганидек ишламайдиган, жорий ёʻриқномаларига амал қилмайдиган ёки эскирган иловаларни оʻчириш боʻйича давом этаётган жараённи амалга оширмоқдамиз”, дейди компания.

Шу ойнинг бошларида Google ҳам ўзининг Play Store иловалар дўконидан сўнгги икки йилдаги API даражасига янгиланмаган иловаларни яшириб қўйишини айтиб, дастурчиларга 2022 йил 1 ноябргача вақт берган эди.

ЎҚИНГ: Google Play'да тозалаш ишлари олиб борилади

 
 
 
 
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!