Эски iPhone фойдаланувчиларига ёмон хабар бор

Эски iPhone фойдаланувчиларига ёмон хабар бор

Тарқалган миш-мишларга қараганда, Apple келаси йили iOS 15 чиқиши билан оригинал iPhone SE, iPhone 6s ва iPhone 6s Plus смартфонларини тизим янгиланишлари билан қўллаб-қувватлашни тўхтатади.

Юқоридаги қурилмаларнинг ҳаммаси бу йил iOS 14'га ўтган эди.

Ушбу хабарни The Verifier тарқатди. Бу нашр Apple борасида баъзан тўғри, баъзан нотўғри хабарлар тарқатганини эслатиб ўтиш жоиз. Бироқ ушбу сайт iPhone 5s ва iPhone 6'лар iOS 12'га ўтмаслиги ҳақида тўғри маълумот берганди. Сайт қайсики смартфон iOS 13'га ўтган бўлса, ўша iPhone iOS 14'га ўтишини ҳам тўғри тахмин қилган эди.

9To5Mac сайтининг хабар беришича, қуйидаги iPhone'ларнинг барчаси келаси йили iOS 15 операцион тизимига ўтади:

•2021 йилги iPhone линейкаси
iPhone 12 Pro Max
iPhone 12 mini
iPhone 11 Pro
iPhone XS
iPhone X
iPhone 7 Plus
iPhone SE (2020)

iPhone 6s ва 6s Plus смартфонлари 2015 йилнинг сентябрь ойида тақдим қилинган бўлса, iPhone SE 2016 йилнинг мартида оммага тақдим қилинган эди. Ҳар учала модель ҳам ўта оммабопликка эришиб, тўрт йил давомида тизим янгиланишларини қабул қилиб келган.

Айни дамда Apple айнан iPhone 6s форма факторидаги иккита замонавий смартфон: iPhone 12 mini ва янги авлод iPhone SE'ни сотмоқда. Бу йил тақдим қилинган иккинчи авлод iPhone SE қурилмаси дизайн борасида iPhone 6s билан деярли бир хил, бироқ янгича A13 процессорида ишлайди. iPhone 12 mini эса ҳажман кичик, бироқ бурчакдан-бурчакка стилидаги дизайни боис экрани каттароқ. Ушбу модель, шунингдек, A14 процессори ҳамда такомиллашган камера тизимига ҳам эга.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси янги iPhone'ни танқид қилиб чиқди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!