Эски Samsung смартфонлари батареясида жиддий муаммо кузатилмоқда

Эски Samsung смартфонлари батареясида жиддий муаммо кузатилмоқда

Батареянинг ишиб кетиши ва портлаши каби ҳолат Samsung учун бегона ҳолат эмас. Компаниянинг 2016 йилда чиқарилган Galaxy Note 7 смартфонларининг нуқсонли батарея сабаб портлаб кетиши компаниянинг анча обрўсини тўккан эди. Бу Samsung учун етарли дарс бўлган эди, аммо компания батарея билан боғлиқ муаммолардан тўлиқ қутулмаган кўринади.

Mrwhosetheboss тахаллуси билан танилган YouTuber, Арун Маини ўзининг смартфонлар коллексиясида Samsung Galaxy'лари билан боғлиқ ноодатий ҳодисани пайқаб қолди: смартфонлар батареяси шу даражада шишиб кетганки, телефоннинг орқа қопқоғини чиқариб юборган. Бундай воқеалар кўпинча эски телефонлар билан содир бўлиши эҳтимоли йўқ эмас, бироқ Арун ҳолатида Galaxy S6 (2015), Galaxy Note 8 (2017), Galaxy S10 (2019) билан бирга 2 йил аввалги Galaxy S20 FE ва ҳатто Galaxy Z Fold 2 батареяси ҳам балондай ишиб кетган. Таъкидлаш жоизки, коллексиядаги бошқа бренд смартфонларининг биронтасида ҳам бундай ҳодиса кузатилмаган, ваҳоланки, барча смартфонлар бир хил ҳароратда сақланади.

Маълум бўлишича, Mrwhosetheboss бундай муаммога дуч келган ягона блогер эмас. Смартфонлар коллексиясига эга яна бир YouTuber, This Is канали эгаси Матт Ансини ҳам ўзининг айрим Galaxy смартфонлари батареялари шишиб кетганини хабар қилган. Шунингдек, Арун ўзининг ҳамкасби MKBHD'дан сўраганида у ҳам ўзининг эски Galaxy'лари билан шундай муаммо юзага келаётганини маълум қилган.

Арун яна бир таниқли YouTuber, JerryRigEverything билан боғланганида, у смартфон батареясига ҳақида айрим маълумотларни очиқлаган. Унинг айтишича, батареялардаги айлана стрелка орасига ёзилган 5 сони батарея шунча йилда шишиб кетиш каби муаммолари бўлмаслигини англатади. Аммо, Арундаги муаммоли Galaxy'ларнинг кўпчилигига ҳали беш йил ҳам бўлмаган.   

Арун смартфонлар билан боғлиқ муаммони июл ойи охирларида пайқаган ва бу ҳақида ўзининг Twitter саҳифасида хабар қолдирган. Шундан кейин Samsung ходимлари у билан боғланишга ва бундай ҳолатларга компания жиддий қарашини айтиб, батареяси билан боғлиқ муаммоси бор смартфонларни лабараторияда текшириш учун олиб кетишларини маълум қилишган. YouTuber орадан 50 кун ўтса ҳам компаниядан ҳалигача дарак йўқлиги айтади.

Айтиш керакки, литюм батареялар эскиргани сари нотўғри кимёвий реакциялари батарея ҳужайраларини шиширадиган ва ёнғин хавфини оширадиган газ ҳосил қилиши мумкин. Бу кўпинча батареяни кўп вақт қувватлашда ёки қувватсиз қолдирганда содир бўлади. Шу сабаб Apple каби компаниялар агар смартфонни узоқ вақт ишлатмайдиган бўлсангиз унинг батареясини 50% ҳолатида қолдириш кераклигини маслаҳат беришади.

ЎҚИНГ: 7,000 мАс сиғимли аккумуляторга эга смартфон тақдим этилди