Етакчи смартфонсозлар уддалай олмаган технологияни Meizu қойиллатди!

  •   DiMaX
  •  1745
  •  06.03.2018 13:18

Етакчи смартфонсозлар уддалай олмаган технологияни Meizu қойиллатди!

Meizu компаниясининг ўтган йилги Pro 7 ҳамда Pro 7 Plus смартфонлари орқа панелда ҳам экранга эга эди, аммо уларнинг савдоси кутилганидек бўлмади. Шу боисмикан, ишлаб чиқарувчи энди ўзининг янги қурилмаларида бошқача технологияларга асосий эътиборни қаратди.

ЎҚИНГ: DxOMark Meizu Pro 7 Plus камерасини имтиҳон қилди

Маълум бўлишича, Meizu ҳали ҳеч ким уддалай олмаган янги технологияга қўл урибди ва бунинг уддасидан чиқибди. Мазкур корпорация олган ва куни кеча интернет кенгликларида тарқалган патентлар чизмалари шундан далолат бериб турибди.

Хабарингиз борки, ҳозирда кўпчилик ишлаб чиқарувчилар корпусининг олд панелини буткул эгаллаб олувчи, мутлақо ромсиз экранга эга смартфон яратишга зўр бераётирлар. Аммо бундай экранга эга қурилманинг селфи-камераси ва бошқа тегишли датчикларини қаерга жойлаштириш муаммоси бунга тўғаноқ бўлмоқда.

Тўғри, бу борада турли смартфонсозлар томонидан ўзгача ечимлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Doogee Mix 4 смартфонида экран панели пастга сурилади ва бу датчиклар унинг орқасидаги асосий корпусда жойлашган. Doogee Mix 3 моделида ҳамда Bluboo S2 смартфонида эса асосий камеранинг ўзи корпуснинг устига «қайрилиб» чиқади ва селфи олишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳали тақдим этилмаган Xiaomi Mi Mix 2S экрани олд панелни бутунлай эгаллаган ва унинг расмларида селфи-камера ҳам кўринмайди, балки бу объектив дисплейнинг остига яширилгандир.

ЎҚИНГ: «Бошқача» Xiaomi Mi Mix 2S’ни ҳар икки томонидан «жонли» томоша қиламиз!

Хулласи калом, Meizu муҳандислари аллақачон буни уддалашган – унинг янги гаджетида олд камера ва бошқа тегишли сенсорлар дисплейнинг тагига яширилган! Экрани эса смартфон юзининг нақ 99 фоизини эгаллаган.

Meizu компанияси патентлаштирган янги смартфоннинг дисплейига учта датчик интеграция қилинган, булар – олд камера (1), ёруғликни сезувчи сенсор (2) ҳамда яқинлашув датчиги (3). Шу учта датчиксиз бирорта замонавий телефон тўлақонли ишлай олмаслиги маълум.

Афтидан, Meizu бу янги қурилмасининг дисплейи асосини AMOLED-матрица ташкил этса керак. Патентда ёзилишича, экраннинг ўзи графендан ишланган. Бу материал шаффоф бўлиб, ундан ёруғлик бемалол ўтади ва тегишли учта датчикка етиб боради.

Гарчи корпорация муҳандислари мазкур технологияни уддалашган бўлса-да, бундай экраннинг битта камчилиги ҳам мавжуд. Яъни, смартфон экрани иш ҳолатида бўлганида, яъни бирор контентни акс эттираётганида, ундаги пикселларнинг нури атрофдаги табиий ёруғликка ҳам таъсир этади. Бу эса атрофнинг ёритилганлигини сезиб ишловчи сенсорларнинг фаолиятига таъсир кўрсатади.

Хулласи калом, Meizu’нинг мутлақо ромсиз дисплейи остига датчиклар яширилган смартфони ҳали такомиллаштиришга муҳтож ва яқин бир йил ичида истеъмолчилар бозорига чиқарилиши даргумон, дейишмоқда мутахассислар. Аммо хитойлик корпорация шу технологияни қурилмага жорий этганининг ўзиёқ катта гап.

ЎҚИНГ: Meizu ёки Xiaomi: кимнинг смартфони яхшироқ?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.