Европа Иттифоқи барча гаджетлар учун ягона зарядловчи восита жорий қилиш ҳақида қонун ишлаб чиқди. Apple бунга қарши

Европа Иттифоқи барча гаджетлар учун ягона зарядловчи восита жорий қилиш ҳақида қонун ишлаб чиқди. Apple бунга қарши

23 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Еврокомиссия йиғилишида барча мобил телефонлар, планшетлар ва наушниклар учун ягона зарядловчи қурилма жорий қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси расман тақдим этилади. Бу ҳақда Reuters га таяниб Дарё.уз нашри хабар бермоқда.

 

Агентлик маълумотларига кўра, комиссия зарядловчи воситаларни гаджетлардан алоҳида сотишни қонунийлаштирмоқчи, шунингдек, ягона зарядлаш портини жорий қилмоқчи.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи расмийлари ўн йилдан ортиқ вақт давомида ягона зарядловчи қурилма ғоясини муҳокама қилиб келади — бу ёндашув, ҳуқуқшуносларнинг фикрича, атроф-муҳит учун фойдалироқ, шунингдек, фойдаланувчилар учун қулайроқ бўлади.

Ушбу ғояга биринчи навбатда Apple қарши. Компаниянинг таъкидлашича, битта турдаги зарядловчининг жорий этилиши инновацияни бўғиб қўяди ва қўшимча чиқиндиларни келтириб чиқаради.

2019 йилда Европа Комиссияси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ўша пайтда Европа Иттифоқи мамлакатларидаги гаджетларнинг ярмида microUSB улагичи, бошқа 29 фоизида USB-C, 21 фоизида эса Apple қурилмаларида фойдаланиладиган Lightning улагичи мавжуд бўлган.

2009 йилги тадқиқотларда эса бозорда 30 дан ортиқ турдаги зарядлаш қурилмалари аниқланган эди. Шу муносабат билан Apple, Samsung, Huawei ва Nokia компаниялари ишлаб чиқарувчиларга 2011 йилдан кейин чиқарилган телефонларда microUSB’дан фойдаланишни юкловчи меморандумни имзолаган. Бироқ, ҳужжат матни Apple’нинг Lightning’ни microUSB’га улайдиган мослама чиқариш билан чекланишига имкон берган.

ЎҚИНГ: Apple Watch 7 тақдим этилди: катта дисплей ҳамда қирилишларга бардошли корпус

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!