Европада ишлаётган ўзбек дастурчиси: «Германиядаги имкониятлар, Тошкентдаги муаммолар...»

  •   DiMaX
  •  473
  •  15.03.2021 15:51

Европада ишлаётган ўзбек дастурчиси: «Германиядаги имкониятлар, Тошкентдаги муаммолар...»

Xabar.uz нашри «Хориждаги ватандошлар» рукнида Германияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган дастурчи Жаҳонгир Раҳмонов суҳбатни эълон қилган. У қарийб бир ярим йилдан буён «Delivery Hero» компаниясида Software Engineer сифатида ишлаб келади.

ЎҚИНГ: Ойлиги 30 млн сўмдан ошиқ веб-дизайнер: «IT'ни ривожлантиролсак, АЭС ҳам керак бўлмай қолади» (+видео)

Дарсларнинг ярим соати ўтар-ўтмас уйқум келарди...

Асли Андижонда туғилган бўлсам-да, Наманганда яшаб, улғайганман. Мактаб ва академик лицей таҳсили ҳам Наманганда бўлган.

Бакалавр босқичини Тошкентдаги Халқаро Вестминстер универитетида грант асосида ўқидим. Университет пайтида «Global Solutions», «Shift Technologies» вa «Newmax» каби компанияларда ишлаб кўрганман. Битирганимдан сўнг эса «Super Dispatch» компаниясида 3 йилча ишладим. Қарийб бир ярим йил аввал «Delivery Hero» компаниясида ишлаш учун Германияга кўчиб келдим. Бу ерда Software Engineer сифатида ишлаб келяпман.

Университетга қабул қилинганимда дастлаб иқтисодиёт йўналишини танлашга қарор қилгандим. Чунки кўпчилик қариндошларим банк соҳасида ишлашар, баъзилари соҳада яхшигина ютуқларга эришиб улгуришганди. Талабаликнинг биринчи босқичида қўшимча бухгалтерия курсларига қатнай бошладим.

Бироқ, бухгалтерияга қизиқмаганим учунми, дарсларнинг ярим соати ўтар-ўтмас уйқум келарди. Шунда амин бўлдимки, бу соҳа менга тўғри келмайди. Омадим келиб, университетнинг биринчи йилида маълум бир йўналишни танлаш шарт ҳисобланмаган. Ҳамма соҳадан дарслар бўларди. Шуларнинг бири дастурлаш эди. Ишонсангиз, ана шу дарсларга қатнашганимда бутун диққат-эътиборимни мавзуга қарата олардим. Умуман, IT-соҳасидаги дарслар мен учун жуда қизиқ эди. Охири қатъий қарорга келганман — дастурлаш мен учун!

ЎҚИНГ: Ойига 5 000 – 7 000 доллар даромад топаётган 23 ёшли дастурчи Сардор Исломов билан суҳбат

Дастурчилик бошқа йўлларда ҳам даромад топишга йўл очиб беради

Очиғи, фаолиятим ортидан айнан қанча даромад топаётганимни айта олмайман. Чунки ойлик-маошларни айтиш ҳозирги иш жойим қоидаларига зид. Яъни, NDA (non-disclosure agreement) орқали ҳимоя қилинади.

Лекин ойлик маош ягона даромад манбаси эмас. Дастурчилик бошқа йўлларда ҳам даромад топишга йўл очиб беради. Мен testdriven.io платформасида онлайн курс яратганман. Бу курс ўтган йили 4 минг долларгача даромад олиб келди. Энг қизиғи, бунинг учун мен бошланғич ишдан ташқари ҳеч нима қилганим йўқ.

Тошкентда ишлаб юрган пайтларим менга «LinkedIn» платформаси орқали Германияда ишлаш таклифи билан мурожаат қилишди. Кутилмаган ва қизиқ таклиф эди. Ҳужжатларимни онлайн тақдим қилдим. Бир қатор синовлардан ўтганимдан кейин улар иш таклифини юборишди ва мен уни имзоладим. Бироқ ўртада Германияга виза олиш масаласи узоқ жараён бўлди. Ниҳоят, 2019 йил охирида Германияга, «Delivery Hero» компаниясининг бош штаб-квартирасида Software Engineer сифатида ишлаш учун кўчиб келдим.

Компаниямиз Европадаги энг йирик онлайн озиқ-овқат етказиб бериш хизмати кўрсатувчиси. Қолаверса, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги 40 дан ортиқ мамлакатларда хизмат кўрсатади. Умуман, 500 мингдан ортиқ ресторанлар билан ҳамкорлик алоқалари мавжуд.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши эълон қилинди

Муаммо бироз юмшатилган бўлса-да, тўлиқ ҳал этилмади

Германиянинг ижобий тарафлари жуда ҳам кўп. Масалан, Европа қитъасидаги энг кучли иқтисодиёт. Бу ўз навбатида маҳаллий аҳолининг яшаш шароити яхши эканлигини кўрсатади. Яъни ён-атрофингиздагилар ўзига тўқ одамлар. Шунинг учун бўлса керак бу ерда жиноятлар, ўғирликлар кам. Айниқса, коррупция ҳам!

Мамлакатда бизнес юритиш осон. Шуунинг учун ҳам жаҳоннинг энг зўр ва йирик компаниялари бемалол Германияга кириб кела олади. Бунга «Google» вa «Amazon» каби компаниялар яққол мисол. Қолаверса, йирик компаниялар ўзлари учун керакли мутахассисларни хориж давлатларидан олиб келишига яхши шароит яратилган. Шу сабабли деярли исталган мутахассисни дунёнинг хоҳлаган нуқтасидан топишингиз ва олиб келишингиз мумкин.

Бизда эса, афсуски, 2-3 та технологиядан ташқарига чиқсангиз, мутахассис топишга қийналиб қоласиз. Мавзудан бироз четга чиқсам-да, Тошкентнинг ҳали-ҳануз «алоҳида республика» эканлигини айтмасам бўлмайди. Айниқса, талабалик йилларимда прописка деган нарса бўларди. Прописка беришни тўхтатиб, текшириш тўхтатилмаган пайтлар ҳам бўлган. Ҳозир ушбу муаммо бироз юмшатилган бўлса-да, бироқ тўлиқ ҳал этилмади.

Германияда бундай муаммо йўқ, умуман, бу ерда хотиржам яшайсиз. Стресс кўп эмас. Чунки чарчаган пайтингизда дам олиш учун етарлича парклар, манзарали масканлар бор. Энг муҳими, уларга кириш Ўзбекистондаги Tashkent City каби пулли эмас, мутлақо бепул.

Транспорт соҳаси алоҳида мавзу: инфратузилмаси жуда яхши йўлга қўйилган. Поездлар, метролар, трамвайлар, автобуслар, ҳаммаси яхши ишлайди. Айниқса, велосипед ишқибозларига шароит қилиб берилган. Шунинг учун аксарият ҳамкасбларим ишхонага велосипедда қатнашади.

ЎҚИНГ: «Миллиардларга қурилган дендихона» – дастурчилар Андижон IT-Паркини тарк этишди

Доимий воркшоплар уюштириш керак

Мамлакатимизда ақлли ёшлар чиндан кўп, деб ўйлайман. Айниқса, математика ва бошқа аниқ фанлар бизда яхши ўргатилади. Инглиз тилини биладиганлар ҳам тобора кўпайишмоқда. Булар биргаликда IT ни ўрганиш учун энг керакли фанлар.

Менимча, IT-соҳасини ривожлантириш учун, аввало электр энергияси муаммосини ҳал қилиш лозим. Афсуски, Тошкентдан ташқарида бу ҳалигача катта муаммо. Интернет қамрови ва тезлигини ошириш ҳам керак. Кейин IT-соҳаси ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарур. Албатта, бу борада кўп ишлар олиб бориляпти, бироқ асосан Тошкентда деб биламан. Бошқа, чекка вилоятларга ҳам тажрибали дастурчиларни жўнатиб, доимий воркшоплар уюштириш керак, назаримда. Воркшопларда ҳар хил веб-сайтлар, ўйинлар қилса бўлади.

Менимча, бунинг ортидан соҳага қизиқадиганлар албатта кўпаяди.

«Stripe», «Google», AWS каби компанияларда ишлаб кўриш ниятим бор

Келажакда режалар жуда ҳам кўп. «Delivery Hero» ўта катта ва технологик тарафдан ривожланган компания, лекин бу ерда бутунлай қолиш ниятим йўқ. Бундан-да кучлироқ бўлган «Stripe», «Google», AWS каби компанияларда ишлаб кўриш ниятим бор. Бу менга катта тажриба беради ва фаол даромадимни оширади.

Актив даромаддан ташқари, пассив даромадимни ҳам кўпайтириш режаларим ҳам бор. Бунинг учун яна бир нечта онлайн курслар тайёрлайман, блог ва телеграм каналимни юритаман. Яқин орада ўзбек тилида ёзиладиган онлайн таълим платформасини ишга туширмоқчиман. У ерда бепул блог-постлар ва курслар бўлади. Улар орқали ўқувчиларни биринчи ишига тайёрлаш ниятим бор.

Аминманки, мен ўзим хоҳлагандак қила олсам, битирганлар нафақат иш топа олади ва ҳамкасбларидан маълум даражада устунроқ ҳам бўлишади.

ЎҚИНГ: Турли платформалар учун қайси дастурлаш тиллари ишлатилади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!