Eye – iPhone учун Android-смартфонли ғилоф!

  •   DiMaX
  •  1230
  •  15.03.2017 17:50

Eye – iPhone учун Android-смартфонли ғилоф!

iOS ва Android тизимларининг барча имкониятларидан бирданига фойдаланишни истаганлар учун ESTI компанияси антиқа аксессуар ишлаб чиқарди. Бу – iPhone’лар учун ноодатий ҳимоя ғилофи бўлиб, унинг ўзига Android-смартфон ўрнатилган! Шу тариқа, «олмафон» эгалари энди кўплаб Android фойдаланувчиларида мавжуд бўлган имкониятлар – маиший техника воситаларини бошқариш учун инфрақизил порт, симсиз қувватлаш, иккита SIM-картани қўллаб-қувватлаш, кенгайтирилувчи хотира кабиларга ҳам эга бўлишди.

Eye номли бу смарт-ғилоф iPhone 6, iPhone 6S ва iPhone 7, шунингдек, уларнинг Plus-версиялари учун мослаб ишлаб чиқарилади. Мазкур аксессуарнинг орқа томонида 5 дюймли, 1920х1080 пикселли AMOLED-дисплей жойлашган. Ғилоф «тоза» Android 7.1 Nougat операцион тизимида ишлайди.

Ғилофдаги ички смартфон саккиз ядроли Helio P20 процессори, 900 МГц частотада ишловчи Mali-T880 MP2 график тезлатгичи, 3 ГБ тезкор ва 16 ГБ ички хотирага эга, яна унга 256 ГБгача ҳажмли microSD-карта қўйса бўлади. Смарт-ғилоф симсиз қувватланиш функцияли 2 800 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Унинг 3,5 мм.лик аудиотирқиши, NFC-модули ҳам бор, тағин иккита SIM-карта қўйиш мумкин. Мазкур аксессуар селфи ишқибозларига жуда қўл келади, зеро, iPhone’нинг асосий камерасини ундаги Android-смартфон олд камера сифатида ишлатади.

Ҳозирда Eye смарт-ғилофига Kickstarter орқали $95 дан бошланувчи нархда буюртма бериш мумкин. Агарда ишлаб чиқувчилар $500 000 миқдорида маблағ тўплай олишса, аксессуарга 10 000 мА/соат сиғимли аккумулятор ўрнатишмоқчи. $3 000 000 лик маррага етилса – IP67 стандартидаги ҳимоя ҳам қўшилади. $6 000 000 тўпланса, унда Ubuntu’га, $15 000 000 бўлса – Windows 10 Mobile’га ўтиш имконияти қўшилади.