Facebook At Work’нинг “Work Chat” мессенжери ишга туширилди

Facebook At Work’нинг “Work Chat” мессенжери ишга туширилди

Жорий йилнинг январь ойида Facebook муассасалар, компания ва хусусий бизнес вакилларига ўзаро ахборот алмашиш имконини берувчи Facebook at Work корпоратив иловасини синов тариқасида ишга туширган эди.

Энди эса иловага Work Chat мессенжери қўшимча қилинди. Унинг ёрдамида ҳамкасблар ўзаро ёки гуруҳ суҳбатларида хабар, сурат, видео тасвирлар ва стикерлар алмашишлари, дунёнинг хоҳлаган нуқтасига бепул овозли хабарларни юборишлари, лойиҳаларни муҳокама қилишлари, фикр алмашишлари мумкин. Экспертлар томонидан ушбу хизмат ўз рақобатчилари орасида Messenger’га кўпроқ ўхшаб кетиши айтилмоқда.

Илова 26 ноябрь куни Google Play интернет дўконига қўйилган. Аммо уни ҳозирча Facebook At Work фойдаланувчилари ишлата оладилар. Facebook’нинг маълум қилишича, айни вақтда дастурий маҳсулотнинг Андроид талқини мавжуд ва илованинг iOS операцион тизимларига мўлжалланган варианти тез орада тақдим қилинади.

Facebook at Work иловаси фримиум бизнес моделига асосан фаолият кўрсатади. Яъни, бир вақтнинг ўзида унинг бепул шакли ва пуллик асосда ишлайдиган тўлиқ варианти мавжуд бўлади. Унинг тижорат вариантини йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

Бу тармоқда тижорат рекламалари бўлмайди ва унинг тижорат талқинида муассаса ходимларининг фаолиятига оид маълумотлар сақлаб қолинмайди. Ходимларнинг тижорат тармоғидаги касбий саҳифалари анъанавий ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларидан ажралиб туради ва бир-бирига таъсир кўрсатмайди.

Facebook томонидан тарқатилган хабарга кўра, бугун унинг платформасидан 300 дан зиёд компаниялар – кичик старт-ап лойиҳалардан тортиб, йирик бизнес вакиллари ўз фаолиятларини такомиллаштириш воситаси сифатида фойдаланишмоқда.

Улардан энг нуфузли ва йириги ҳисобланган Шотландиянинг Royal Bank of Scotland банки 2016 йилнинг мартига қадар 30 минг, йил сўнггига қадар жами, 100 минг нафар ходимларининг электрон фаолиятларини Facebook at Work иловаси негизида ташкил этишни режа қилганини айтган.

Корпоратив мессенжерлар орасида 2013 йилда ишга туширилган Slack иловаси оммабоп ва кенг тарқалган ҳисобланади. Компаниянинг айтишича, айни пайтда илованинг кунлик фойдаланувчилари сони 1.7 миллионга етган.