Facebook Буюк Британияга жарима тўлайди

Facebook Буюк Британияга жарима тўлайди

Cambridge Analytica можароси сабабли, Facebook Буюк Британиянинг Ахборот Қўмитаси (АҚ) томонидан солинган 500 000 фунт стерлинг миқдоридаги жаримани тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Келишувнинг бир қисми сифатида, Facebook жавобгарликка тортилмаган эди.

Facebook Cambridge Analytica борасида чуқурроқ ўрганиш ишларини илгарироқ олиб бормаганидан афсусдалигини маълум қилди.

АҚ раҳбари ўринбосари Жеймс Дипл-Жонстоун, жумладан, қуйидагиларни айтди: “Британия фуқароларининг шахсий маълумотлари жиддий хавф остида қолганлиги АҚни хавотирга солаётган асосий масаладир. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш нафақат фуқаролар ҳуқуқлари поймол бўлмаслигида, балки кучли демократия ҳимоясида ҳам катта аҳамиятга эга".

Facebook адвокати Гари Кинмонснинг айтишича, можародан сўнг тармоқда ўзгаришлар қилинган ва бу ўзгаришлар дастурчиларнинг фойдаланувчи шахсий маълумотларига кириш имконини чеклашга қаратилган. "Европалик Facebook фойдаланувчилари маълумотлари Cambridge Analytica қўлига етиб борганлигининг ҳеч қандай исботи топилмаганини АҚнинг ўзи маълум қилган. Бироқ сиёсий мақсадлар учун фойдаланувчилар маълумотларини таҳлил қилишга қарши ҳаракатларида Қўмита билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", дея қўшимча қилди адвокат.

Тадқиқотчи Доктор Александр Коган ва унинг GSR номли компанияси 87 миллионга яқин Facebook фойдаланувчилари маълумотларини тўплаб олиш мақсадида психологик сўровномадан фойдаланган эди. Олинган маълумотларнинг бир қисми Лондондаги Cambridge Analytica компаниясига берилган.

АҚ Facebook'ни фойдаланувчилар маълумотларини ҳимоя қилишга етарли эътибор қаратмаганликда айблаган.

ЎҚИНГ: Энг қиммат брендлар ўнталиги: Facebook нега ундан чиқиб кетди?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!