Facebook’дан видео кўчириб оламиз…

  •   DiMaX
  •  2159
  •  18.01.2017 17:38

Facebook’дан видео кўчириб оламиз…

Facebook – жуда яхши тармоқ, унда дўстларингиз билан суҳбат қуришдан ташқари, янгиликлардан бохабар бўлиб боришингиз, қизиқарли сурат ва видеолардан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Лекин унинг ўзида видеоларни сақлаб олишга имкон берувчи функция йўқлиги сал чатоқ-да…

Ҳечқиси йўқ, бу борада қўшимча дастур ва иловалар бизга ёрдамга келади. Жумладан, Android платформасида ишлайдиган қурилмаларга Facebook’даги видеоларни юклаб олишнинг энг оддий усули – Video Downloader for Facebook иловасидан фойдаланишдир.

Мазкур иловани гаджетингизга ўрнатгач, биринчи марта ишга туширганингизда, у сиздан Facebook’ка кириш учун аккаунт маълумотларингизни киритишингизни сўрайди. Буни амалга оширганингиздан сўнг дастур сизнинг янгиликлар тасмангизни кўздан кечириб чиқади, сақланган постлар, белгилашлар, дўстлар рўйхати кабиларни таҳлил қилади. Сўнгида у сизга қурилмага юклаб олиш мумкин бўлган видеолавҳаларнинг каталогини тузиб тақдим этади.

Video Downloader for Facebook ёрдамида ўз янгиликлар тасмангиздаги ва ўз саҳифангиздаги роликларни, шунингдек, дўстларингизнинг видеоларини ҳамда ўзингиз белгиланган видеолавҳаларни кўчириб олиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, унда махсус шарҳловчи режими ҳам бор, унда Facebook’ни худди оддий браузердаги каби, лекин роликларни сақлаб олиш функцияси билан кўриб чиқиш мумкин.

Гарчи айни дамда тасмангизда кўчириб олишга арзигулик видео бўлмаса-да, барибир Video Downloader for Facebook дастурини ўрнатиб олаверишингиз мумкин. Зеро, илованинг бўлимларидан бирида уни ишлаб чиқувчилар кўплаб қизиқарли видеолавҳаларни тўплаб қўйишган. Уларга бир кириб кўрсангиз, кейин бўш вақтингизда яна киргингиз келиши аниқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!