Facebook фойдаланувчилари маълумотлари билан бирга, Марк Цукербергнинг телефон рақами ҳам тарқалиб кетди!

  •   DiMaX
  •  672
  •  05.04.2021 12:03

Facebook фойдаланувчилари маълумотлари билан бирга, Марк Цукербергнинг телефон рақами ҳам тарқалиб кетди!

Тармоқда кузатилган кенг кўламли маълумотлар ошкор бўлиши натижасида Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг телефон рақами ва бошқа маълумотлари ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчиларига тегишли 533 миллион шахсий маълумотлар билан бирга тармоққа чиқиб кетди. Бу ҳақда Daryo нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Facebook асосчиси ҳақида қизиқарли 10 та факт

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бирлаштирилган маълумотлар базасида унинг яратувчиси ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд, деди Американинг Synack компьютер хавфсизлигини таъминлаш компанияси ходими, киберхавфсизлик бўйича мутахассис Дейв Уокер. «Қизиғи шундаки, Марк Цукербергнинг маълумотлари ҳам тармоққа чиқиб кетди. Агар журналистлар Facebook’дан изоҳ ололмаса, шунчаки унга тармоққа чиқиб кетган рақам орқали қўнғироқ қилиши мумкин», — деб ёзган Уокер.

Нашрнинг хабар беришича, Цукербергнинг фойдаланувчи идентификатори, унинг телефон рақами, манзили, никоҳи ҳақидаги маълумотлари очиқ манба сифатида мавжуд бўлиб турибди. Шунингдек, тарқалган базада яна икки нафар таъсисчи — Крис Хьюз ва Дастин Московицнинг маълумотлари ҳам бор.

3 апрель куни мутахассислар Facebook фойдаланувчиларига тегишли 500 миллиондан ортиқ маълумотларнинг глобал тарқалиши ҳақида хабар берди. Хакерлик форумларидан бирида маълумотлар базаси очиқ манбага айлантирилган. Унда 106 та мамлакат фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари бўлган.

Аксарият ҳолларда телефон рақамлари, Facebook тармоғининг шахсий идентификаторлари, тўлиқ исмлар, туғилган саналар, таржимаи ҳоллар, баъзи ҳолларда эса электрон почта манзиллари каби маълумотлар ошкор бўлган.

Маълумотлар базасида энг кўп Миср (44 миллион), Тунис (39 миллион), Италия (35 миллион), АҚШ (32 миллион) ва Саудия Арабистони (28 миллион) мамлакатлари фойдаланувчилари бор. Шунингдек, тармоққа 10 миллионга яқин россиялик фойдаланувчиларнинг маълумотлари ҳам чиқиб кетган.

ЎҚИНГ: Технология ҳақида сиз билган ва билмаган 10 та факт (4-қисм)

Hudson Rock компаниясининг директори Аарон Гал биринчи маълумот тарқалишининг аниқланиши ҳақида гапирар экан, январь ойида бўлиб ўтган хакерлар форумида иштирокчилардан бири Facebook фойдаланувчисининг телефон рақамини озгина тўлов эвазига олиш имконини берувчи Telegram ботини реклама қилганини айтди. Мутахассиснинг фикрига кўра, маълумотлар тарқалиши ушбу бот сабабли юзага келган ва бу келажакда кибержиноятнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Цукерберг интернетни ислоҳ қилишни таклиф этган эди. Цукербергнинг фикрига кўра, технологик платформалар ўзининг алгоритми таркибига кирмайдиган контентларнинг исталган қисми учун жавоб беришга мажбур бўлмаслиги керак.

Шунингдек, «Чегарасиз мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти Facebook устидан ижтимоий тармоқни «чалғитувчи тижорат амалиёти»дан фойдаланишда айблаб судга шикоят киритди. Ташкилот вакилларининг аризада таъкидлашича, ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларига «хавфсиз, ишончли ва хатолардан ҳоли» онлайн муҳит ваъда қилган, лекин бунинг ўрнига Facebook’да ксенофобик ва сохта постлар кенг тарқалмоқда.

ЎҚИНГ: Президент халққа ўз Telegram ва WhatsApp рақамларини берди: «Мени ҳам гуруҳингизга қўшиб қўйинг!»

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!