Facebook, Google, Twitter, Instagram ва бошқа сервисларни шубҳали «ишонилган» иловалардан тозаланг

  •   DiMaX
  •  975
  •  28.04.2017 17:55

Facebook, Google, Twitter, Instagram ва бошқа сервисларни шубҳали «ишонилган» иловалардан тозаланг

Яқинда The New York Times йирик суриштирув ўтказиб, Uber компанияси ўз рақобатчилари ҳақидаги маълумотларни қандай тўплашига аниқлик киритди.  Журналистлар аниқлаган фактлар орасида шу ҳам бор эканки, Uber ходимлари фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни бепул Unroll.me сервисидан сотиб олишар экан.

Unroll.me аслида Gmail почта аккаунтидаги кераксиз хатлар ва спамлардан автоматик тарзда қутулишга имкон берувчи сервис ҳисобланади. У мутлақо бепул ишлайди, аммо фойдаланувчиларни зимдан кузатиб юриб, улар ҳақидаги маълумотларни бошқа компанияларга сотади. Агарда шу тиниб-тинчимаган журналистлар Uber хусусидаги можароли фактларни кавлаштиришмаганида, Unroll.me шу ишни давом эттираётган бўларди.

Бемалол тахмин қилиш мумкин – бу борада Unroll.me ёлғиз эмас. Интернетда ўз хизматини бепул таклиф этиб, эвазига Google, Facebook ёки Twitter орқали киришни таклиф этувчи иловалар талайгина. Хўш, хизмати текин бўлса, улар нима эвазига кун кўради? Уларнинг бизнес-модели қанақа ўзи? Балки, улар ҳам маълумотларимизни савдога чиқаришар?

Шу боис ҳам сизга тезлик билан ўз аккаунтларингизда текширув ўтказиб, хавфсизлиги шубҳали бўлган иловаларни ўчириб ташлашни тавсия этамиз.

Қани, кетдикми?

Google

Мазкур тизимдаги аккаунтингизни шубҳали иловалардан тозалаш учун, унга боғланган иловаларни кўрсатувчи «Приложения, связанные с аккаунтом» бўлимига киришингиз керак. У эса қуйидаги манзилда жойлашган: «Мой аккаунт» → «Безопасность и вход» → «Связанные приложения и сайты». Ундаги кераксиз илованинг номи устига босинг, кейин эса ўчириш учун «Удалить» тугмачасини босасиз.

Facebook

Созламаларда ўзингиз авторизациядан ўтган барча иловалар келтирилган бўлим бор, унга қуйидаги йўл орқали кирасиз: «Настройки» → «Приложения» → «Показать все». Ўчириш керак бўлган илова устига сичқонча кўрсаткичини олиб боринг ва X белгичаси устига босинг. Биласизки, Facebook ҳар гал бирор амални бажаришга буйруқ берганимизда тасдиқлашни сўрайди. Шу боис мазкур қарорингиз қатъий эканини яна бир марта тасдиқлаб юборасиз.

Microsoft

Microsoft аккаунтингизда иловалар саҳифасига мана бу йўл билан кирасиз: «Учётная запись» → «Конфиденциальность» → «Приложения и службы». Шу ердаги ортиқча илованинг номи ёнида жойлашган «Изменить» тугмачасини босинг. Кейин эса уни ўчириб ташлаш учун «Удалить эти разрешения»ни танланг.

Twitter

Бу тармоқда бизга керакли саҳифага кириш учун ўз аватарингиз устига босинг, кейин эса «Настройки и безопасность» → «Приложения» бандини танланг. Рўйхатдаги ҳар бир унсур ёнида «Закрыть доступ» тугмачаси бор. Ўшанинг устига босиб, мазкур иловадан қутуласиз.

Instagram

Бу сервисда ҳам уланган иловаларни бошқариш саҳифаси мавжуд ва у мана бу ерда жойлашган. Ундаги ўчириш керак бўлган иловадаги  «Отменить доступ» тугмачасини босинг – олам гулистон!

Dropbox

Dropbox сервисига биз одатда, ўз маълумотларини сақлаш учун мазкур «булутли» хизматни ишлатадиган дастурларни улаймиз. Агарда сиз шулар рўйхатида эскирган ёки эндиликда ўзингиз ишлатмаётган элементларни кўрсангиз, уларни ўчириб ташланг. Буни мана бу манзил орқали амалга оширасиз.

Агарда сиз интернетда фаол фойдаланувчи бўлсангиз, юқоридаги кўрсатилган манзилларда эндиликда керак бўлмай қолган ўнлаб, балки ҳатто юзлаб дастурларни топасиз. Улардан қутулишга озроқ вақт ажратсангиз, ўз маълумотларингизнинг хавфсизлигини оширасиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!