Facebook кузатувини чеклаймиз

  •   DiMaX
  •  2349
  •  25.04.2017 16:01

Facebook кузатувини чеклаймиз

Жорж Оруэллнинг «1984» антиутопия-романидаги машҳур «Катта оға сени кузатиб туради» жумласи бугунги кунда айниқса долзарб. Интернетда сайтлар, смартфон ва компьютердаги операцион тизимлар сизнинг фаолиятингизни кузатиб бориши хусусида аввал ҳам ёзганмиз ва бу кузатувни имкон қадар қисқартириш йўлларини кўрсатганмиз. Бугун эса энг кенг тарқалган Facebook ижтимоий тармоғининг кузатувидан халос бўлишни ўрганамиз.

Facebook қандай маълумотларни ва нима учун йиғади?

The Washington Post нашрига кўра, Марк Цукерберг ва унинг жамоаси Facebook фойдаланувчилари ҳақидаги бирданига 98 хилдаги (!) шахсий маълумотларни йиғишар экан. Стандарт «жойлашув ўрни, ёши ва жинси»дан ташқари, ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларининг таълим олган соҳаси ва маълумоти даражаси, миллати, даромади ва шахсий маблағи, яшаш жойининг ўлчамлари ва оиласи таркиби билан ҳам қизиқади.

Кутмаганмидингиз? Шошманг, бу ҳали бошланиши! Facebook яна анчадан бери ўзаро яқин алоқада бўлиб келаётган фойдаланувчиларни ҳам қайд этиб боради. Тағин, ўз туғилган жойидан ёки оила аъзоларидан узоқда юрганларниям кузатиб боради. Сиёсий мавзуларда мулоқот қилувчиларга эса астойдил қизиқади.

Бир жиҳатни инобатга олинг: Facebook компанияси шу номдаги ижтимоий тармоқ ва Facebook Messenger иловасидан ташқари, Instagram ва WhatsApp’га ҳам эгалик қилади, уларда эса фойдаланувчи маълумотлари синчковлик билан ўрганилади.

Хўш, нега? Жавоби ўта оддий ва зерикарли: мўлжалли рекламани йўналтириш учун. Яъни, қизиқишларингиз, яшаш жойингиз ва ҳоказоларга қараб, айнан сизга қизиқарли бўлган маҳсулот ва хизматларнинг рекламасини кўрсатиш учун.

Кузатувни қандай ўчирамиз?

Бошиданоқ айтиб қўяқоламиз: Facebook сизнинг шахсий маълумотларингизни тўплаши ва кўриб чиқишини тақиқлашнинг биттагина йўли бор – унинг хизматларидан буткул воз кечиш. Агарда ижтимоий тармоқ сизга зарур бўлса, у ҳолда «Катта оға»га етиб борадиган маълумотларни қисқартириш мумкин.

Келинг, бу ишни чет сервислардан бошлаймиз, ахир, Facebook бизнинг маълумотларимизни ўзининг ахборот бизнеси бўйича ҳамкорлари билан баҳам кўради-ку. Текинга эмас, албатта…

Маълумотларингизни сайтлар кўришини чекланг

Хуллас, ёт сайтлар сизнинг Фейсбук маълумотларингизга кира олишини чеклаш керак. Ўзингизда ҳам шундай бўлган-ку – умуман бошқа бир сайтга кирасиз, бирор мақолани ўқийсиз (ё расмни кўрасиз). Остида шу материалга изоҳ ёзиш ёки «лайк» қўйишни таклиф этишади, ёнида эса аллақачон сизнинг Facebook’даги аватарингиз турган бўлади. Бу шуни англатадики, мазкур сайт Facebook жиҳозларидан фойдаланади ва улар орқали сизнинг ижтимоий тармоқдаги маълумотларингизни кўра олади.

Шахсий маълумотларингизни Facebook бошқа сайтларга «шипшитиб» юрмаслиги учун мазкур функцияни ўчириб қўйишингиз керак. Бунинг учун Facebook сайтининг энг тепасидаги кўк ҳудуднинг ўнг бурчагидаги учбурчакни босасиз. Очилган менюдан созламалар, яъни «Настройки» бандини танлайсиз. Шу саҳифанинг чап томонидаги менюдан «Приложения» бандини босинг. Энди саҳифанинг ўрта қисмида «Приложения, cайты и плагины» ёзувини ҳамда «Редактировать» тугмачасини топиб, босасиз. Очилган ойнада «Отключить платформу»ни танлайсиз.

Иловаларнинг рухсатини ўчиринг

«Аввалги ҳаётингда қайси тарихий шахс бўлгансан?», «Дўстларингдан қайси бири сени индамасдан кузатиб юради?», «Қайси йиртқичга ўхшайсан?» каби тестлардан ўтиб кўргансиз-а? Кўнгилочар иловалар ва шунчаки қизиқарли тестлар сизни қизиқтириб қўяди, аммо улар беғараз эмас. Тўғри, улар пулингизни олишмайди, аммо тўлов сифатида шахсий маълумотларингизга эга бўлишади.

Одатда улар нафақат тестдан ўтаётган фойдаланувчининг профилига, балки унинг дўстлари профилига ҳам киришга рухсат олишади. Дейлик, сиз ўзингиз унақа тестларга қизиқмайсиз, аммо сизга шахсан таниш бўлмаган, фақат шу Фейсбукда «дўстлашиб» қўйган бир киши тинмасдан тестларга кираверади. Натижада, қармоқ сифатида ўша тест сервисини ташкил этган «Катта оға» ундан нафақат ўзининг, балки сизнинг ҳам маълумотларингизни олиб, ўз базасига киритиб боради.

Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун, шунақа сервис-иловалар профилингизга киришларини тақиқлаб қўйишингиз лозим. Бунинг учун худди бояги саҳифадаги «Приложения» бўлимини очасиз, «Приложения, используемые другими» деган жойига ўтасиз. Ундаги «Редактировать»ни босиб, очилган ойнада барча байроқчаларни олиб ташлайсиз.

Нохолис кишилардан ўз маълумотларингизни яширинг

Бу ҳам ўша созламалар саҳифаси – «Настройки»да, «Конфиденциальность» бўлимида жойлашган. Мана шу жойда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан кимлар сизнинг публикацияларингизни кўриши, сизга шахсий хабар ёзиши ёки профилингиздаги киритилган контактлар – телефон рақамингиз ва электрон почта манзилингизни кўриши мумкинлигини созлаш функцияси бор. Шулар орқали имкон қадар махфийликни ўзингиз созлайсиз.

Саҳифангизни қидирув тизимларига кўринмайдиган қилинг

Худди ўша «Настройки»нинг махфийлик, яъни «Конфиденциальность» бўлимини очасиз. Шу ердан Google сингари қидирув тизимлари излаш натижаларида сизнинг маълумотларингизни кўрсатишини тақиқлашингиз мумкин.

Бунинг учун эса «Кто может меня найти?» бўлимида «Вы хотите, чтобы поисковые системы за пределами Facebook выводили ваш профиль в результатах поиска?» ёзувли қаторни топинг ва «Разрешить поисковым системам за пределами Facebook выводить ваш профиль в результатах поиска» бандидан галочкани олиб ташланг.

Профилингизни таҳрирланг

Профилингизда ўзингиз ҳақингиздаги маълумотлар – қайси мактабда ўқиганингиз, оила аъзоларингиз ва ҳоказолар борми? Уларни имкон қадар минимумгача қисқартиринг. Нималарни қолдириш эса ўз ихтиёрингизда.

Хўш, «Катта оға»нинг кузатувидан яширинасизми, ёки «Менинг яширадиган нарсам йўқ», деб ҳисоблайсизми?