Facebook қандай жосуслик қилаётгани ҳақида расман ҳисобот берди

  •   DiMaX
  •  1420
  •  16.06.2018 17:33

Facebook қандай жосуслик қилаётгани ҳақида расман ҳисобот берди

Энг оммабоп ижтимоий тармоқдаги 50 миллиондан ошиқ фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари Cambridge Analytica компаниясига «сизиб чиқиб» кетганидан хабарингиз бор. Бу иш бўйича Facebook асосчиси Марк Цукерберг мамлакат Конгрессида кўрсатма бергани ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: АҚШ Конгрессида кўрсатма берган Цукерберг: «Ўзимни ҳам чув туширишди...»

Мазкур эшитув давомида Цукерберг жавоб бера олмаган саволларнинг жавобларини Facebook компанияси АҚШ ҳукуматига ёзма тарзда юборди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – бу ҳужжатнинг ҳажми салкам 500 саҳифани ташкил этди!

Ушбу улкан ҳужжатдан англашиладиган мазмундан лўнда қилиб олиб айтганда, Facebook ўз фойдаланувчилари ҳақида қуйидаги маълумотларни тўплаётганини ўзи тасдиқлаган:

  1. Фойдаланувчи қурилмасидаги сичқончанинг ҳаракатлари;
  2. Ижтимоий тармоқ очилган варақаси билан қанча муддат ва қанчалик тез-тез ишлаши, унинг фон режимида очилганлиги;
  3. Браузерда қандай қўшимча плагинлар ўрнатилганлиги;
  4. Фотосуратларнинг мета-маълумотлари, шу жумладан суратга олинган жой ва вақт ҳақидаги маълумотлар;
  5. Қурилмага ўрнатилган бошқа иловалар;
  6. Девайсда сақланаётган файлларнинг номлари ва турлари;
  7. Android-гаджетда телефон қўнғироқлари ва SMS-хабарлар тарихи;

ЎҚИНГ: Facebook тан олди: у Android-смартфонлардаги қўнғироқ ва SMS-хабарларни кузатмоқда!

  1. Гаджетнинг хотирасидаги бўш жой ҳажми;
  2. Қурилма аккумуляторининг қанча қуввати қолгани;
  3. Wi-Fi ҳамда уяли алоқа тармоқларининг уланиш нуқталари;
  4. Смартфондаги контактлар рўйхати;
  5. Қурилманинг созламалари ва нималарга рухсати борлиги;
  6. Фойдаланувчи билан алоқа қиладиган бошқа кишилар, уларнинг фотосуратлари ва улар ўзаро қанчалик тез-тез мулоқотга киришишлари;
  7. Бошқа сайтлар орқали амалга оширилган харидлар.

ЎҚИНГ: Сизни Facebook кузатувидан ҳимояловчи кенгайтма!

Юқоридагилар – мазкур ижтимоий тармоқ юзерларнинг шу сайт ва унинг иловалари ёрдамида тўплайдиган маълумотлардир. Булардан ташқари, Facebook ўз фойдаланувчилари ҳақида бошқа компаниялардан ҳам маълумотлар олиб келади.

Хулласи калом, модомики Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқдан фойдаланар экансиз, шахсий маълумотларингизнинг махфийлигини тўлиқ таъминлай олмайсиз. Фақат бу кузатув ва таъқибларни айрим усуллар билан бироз чеклашингиз мумкин, холос.

ЎҚИНГ: Интернетдаги анонимлик учун махсус браузерлар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.