Facebook сиз ундан фойдаланганингиз учун қанча топишини биласизми?

Facebook сиз ундан фойдаланганингиз учун қанча топишини биласизми?

2017 йилнинг якунларига кўра, Facebook ўз тарихида илк маротаба Шимолий Америка минтақасида, аниқроғи АҚШ ва Канадада бир миллион нафар кундалик фаол фойдаланувчиларидан маҳрум бўлган. Натижада, бу ҳудуддаги кунлик фаол фойдаланувчилар сони 184 миллионга камайган.

Ташкил қилинганига 14 йил бўлган Facebook'нинг 2017 йил тўртинчи чоракка оид ҳисоботларига кўра, сайёрамиздаги энг улкан ижтимоий тармоқдан бу чоракда 50 миллион соат камроқ фойдаланилган.

Экспертларнинг фикрича, Facebook тармоғида сохта янгиликлар сайтларининг кўпайиб бораётгани, ахборот хуружларининг авж олиши, бир вақтлар бу тармоқдан мириқиб фойдаланган одамлар кайфиятидаги зерикиш ҳисси оқибатида Facebook сўнгги вақтларда фойдаланувчиларини қўлдан бой бермоқда.

Компания ҳар бир фойдаланувчи орқасидан $26.76 доллар пул топади. Тармоқ фойдаланувчиларининг камайиши унинг даромадига таъсир кўрсатмаган. Аксинча, тобора кўпайиб бораётан реклама берувчилар ҳисобига, бу чоракда компания $6.39 млрд доллар фойда олган. 2017 йилнинг охирига келиб АҚШ Конгресси Facebook компанияси бўйнига 2 млрд долларлик солиқларни ҳам юклаб қўйган.

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларнинг реал ҳаётга тажовузкор таъсири кузатилмоқда. Бу эса фойдаланувчиларнинг тармоқдан кетишларига сабабчи бўлмоқда.

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқ ёрдамида инсонлар онгини бошқариш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса жамият учун ҳам, фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаётлари учун ҳам салбий таъсирга эга. Айниқса, социологларнинг маълум қилишларича, Facebook жамиятдаги демократик тамойилларни ҳам издан чиқариб юборишга қодир.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда Facebook фойдаланувчилари сони 700 минг нафарга яқин.