Facebook, TikTok, Telegram кабилар ўз серверларини Ўзбекистонга кўчирмаса, жавобгарликка тортилади!

  •   DiMaX
  •  530
  •  12.05.2021 16:49

Facebook, TikTok, Telegram кабилар ўз серверларини Ўзбекистонга кўчирмаса, жавобгарликка тортилади!

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунининг ижросини ўрганишга бағишланган назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

ЎҚИНГ: Facebook ва Instagram сиз ҳақингизда нималарни билади?

Мазкур назорат-таҳлил тадбирида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддаси ҳамда ушбу ҳужжатнинг 2021 йил 15 апрель куни кучга кириши назарда тутилган 271-моддаси ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборот эшитилган.

Ушбу ҳужжатга кўра, ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистонда қонуний фаолият юритишни истаса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказиши шарт ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Давлат персоналлаштириш маркази директори Улуғбек Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишда марказ томонидан бугунги кунга қадар бир қанча ишлар амалга оширилган. Хусусан, шахсга доир маълумотларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда уларни жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда йиғилиши ва сақланишини таъминлаш мақсадида Facebook Inc (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), «Mail.ru» («ВКонтакте», «Одноклассники»), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex («Яндекс.Такси», «Яндекс.Харита», «Яндекс.Мессенжер», «Яндекс.Денги») компанияларига қонунчилик талабларини бажариш ҳақида мурожаат хатлари юборилган.

ЎҚИНГ: Текшириб кўринг: Facebook’дан сизнинг телефон рақамингиз ҳам ўғирланганми?

Шу билан бирга, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддаси талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида яратилган «Pd.gov.uz» ахборот тизими орқали шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор ва (ёки) операторларини шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Депутат Шуҳрат Шарафутдинов қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилиши фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат эканлигини айтиб, бу ҳуқуқ Конституциянинг 13- ва 27-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаган.

Депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли киберҳужумлар уюштириб келинмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланган. Шунга қарамасдан, қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлса-да, ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

ЎҚИНГ: Президент халққа ўз Telegram ва WhatsApp рақамларини берди: «Мени ҳам гуруҳингизга қўшиб қўйинг!»