Facebook видеочатлар учун Aloha гаджетини тайёрламоқда

  •   DiMaX
  •  761
  •  25.08.2017 16:52

Facebook видеочатлар учун Aloha гаджетини тайёрламоқда

Facebook компанияси гуруҳли видеочатлар учун алоҳида илова ҳозирлаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Энди маълум бўлишича, у нафақат дастурий таъминот, балки алоҳида қурилма устида ҳам ишламоқда экан. Бу тўғрида Business Insider нашри ёзган.

Айтилишича, янги маҳсулот ҳозирча Aloha кодли номи остида ишлаб чиқилаётир. Мазкур девайс Facebook фойдаланувчиларига видеоқўнғироқларни амалга ошириш ҳамда юзни таниш имкониятларини тақдим этади. Aloha’нинг асосида Android операцион тизими ҳамда 360 даражали суратга олиш имкониятига эга бўлган панорамали камера ётади.

Хабарларга кўра, видеочатлар гаджети Facebook қурилмалар ишлаб чиқарувчи бўлинмаси – Building 8 тажрибавий лабораториясининг қурилмалар билан боғлиқ илк йирик лойиҳаси бўлади. У ноутбукларникидек катта экранга ҳамда камерага мўлжалланган ақлли технологияларга эга бўлади. Улар ёрдамида видеочат иштирокчилари худди битта хонада жойлашгандек бемалол мулоқот қила оладиган бўлишади.

 Ҳозирча Aloha деб номланаётган бу гаджет кейинги йилнинг баҳорида, F8 ишлаб чиқувчиларининг навбатдаги конференциясида кенг оммага тақдим этилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!