Facebook яна "иш кўрсатди"

Facebook яна

Facebook ва онлайн хавфсизликнинг бузилиши. Бу иккиси аллақачон узвий боғлиқ тушунчага айланиб улгурган. Bloomberg ахборот агентлигининг маълумот беришича, ижтимоий тармоқ гиганти Facebook Messenger иловасидаги овозли хабарларни транскрипция қилиш (айтилган сўзларни матнга айлантириш) учун юзлаб ташқи шартномачиларни ёллаб келган.

Шартномачи ишчилар фойдаланувчиларнинг овозли хабарларини эшитиб келишаётгани, баъзан контентда вульгаризмлар ҳам борлигини айтиб, буларнинг барини транскрипция қилиш Facebook'ка нима мақсадда кераклигини билмасликларини маълум қилишган. 

Facebook ушбу хабарни тасдиқлаб, бошқа компаниялар (Google ва Apple) билан худди шу масала атрофида юз берган можаролар сабаб бу ҳаракатларни қайта амалга оширмаслигини маълум қилди. "Apple ва Google қатори, аудиоларни инсонлар таҳлил қилишини бир ҳафта олдин тўхтатдик", дейди компаниядагилар.

Овозли ёзувларни инсонлар тинглаётганлигига сабаб қилиб "Facebook'нинг сунъий онг тизими хабарларни тўғри тушуна олган-олмаганини текшириш" кўрсатилган. Бу, мижозлари нима ҳақида гаплашаётганини билиш компанияга нима учун керак бўлиб қолганлиги ҳақида саволларни юзага келтирди. 

Маълумот учун, Марк Сукерберг, илгарироқ, компания рекламачилар учун аудио ёзувларни тўплаётгани ҳақидаги таъкидларни АҚШ Конгрессида рад этиб, Сенатор Герй Питерснинг саволига жавобида бундай ҳаракатни "фитна назарияси" деб атаганди. 

ЎҚИНГ: Facebook ҳақида 12 қизиқ факт

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.