Фарзандингиз суратини интернетга жойламанг!

  •   DiMaX
  •  6408
  •  14.02.2017 12:50

Фарзандингиз суратини интернетга жойламанг!

Ижтимоий тармоқлар асрида кўпчилик ўзининг, оила аъзоларининг суратларини интернетга жойлаб, нақадар бахтиёр эканини, болаларини қанчалар яхши кўришини шу тариқа бошқаларга ҳам намойиш қилмоқчи бўлишади. Бу расмларга ёзилган «Дам олишлар зўр-у, а!?», «Вой, мунча асал қизча экан!», «Ўўў, полвон бола бўлсин…» сингари изоҳлар, уларга қўйилган «лайк» ва «класс»лар эса сурат-пост қўювчиларнинг аксариятига ўзгача бир қониқиш ҳисси бағишлайди.

Бироқ энг хавфли одамлар ҳам бугунги кунда замонавий йўл тутиб, ўз ғаразли ниятларини амалга ошириш учун айнан интернет орқали ҳаракат қилишга ўтишганлигини кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмайди.

AdMe.ru сайти фарзандларимиз хавфсизлигини таъминлашимизга ёрдам берувчи, интернет ва суратлар билан алоқадор чоралар рўйхатини тақдим этган.

Эслатиб ўтамиз, бу – ваҳимага тушиб, болаларингизни бутунлай яшириб қўйишингиз шарт, дегани эмас. Фақат оқилона йўл тутинг ва чегарани билинг, демоқчимиз, холос.

Суратларда геолокацияни белгиламанг

Болангиз тез-тез бориб турадиган, кўп бўладиган жойлар ҳақидаги маълумотларни, хусусан, геолокация кўрсаткичларини эълон қилманг. Мактаб бўладими, спортзал ёки бичиш-тикиш тўгарагими – унинг номини ва жойлашув ўрнини маълум қилмай қўяқолган маъқул. Ёмон ниятли кимсалар бу маълумотларни кузатиб бориб, бола асосан қаерларда бўлишини аниқлаб, бирор ножўя ҳаракатни бошлаши мумкин.

Боланинг қизиқишларини кўрсатувчи фотоларни тарқатманг

Фарзандингиз нималарга қизиқишини билган ёмон ниятли кимса кўча-кўйда уни таниб қолса, осонгина алдаб, қизиқтириб олиб қочиши мумкин. Барибир бола содда бўлади, ғараз мақсадли кишилар уни қизиқтирган нарса – машиналар, қўғирчоқлар, кийим-кечаклар билан осонгина авраши ҳеч гап эмас.

Расмий маълумотлар мавжуд расмларни кўрсатманг

Бу маслаҳатимизни ортиқча, деяпсизми? Аммо паспортининг виза қўйилган саҳифасини, боласининг фахрий ёрлиғи ёки дипломини, ё бўлмаса бошқа бирор ҳужжатини интернетга қўйиб мақтанадиган кишилар ҳам талайгина. Афсуски, боланинг тўлиқ исмини, ҳужжат рақамини қўлга киритиб, унинг қаерда яшаши ва ўқишини аниқлаш унчалик ҳам мушкул эмас.

Машина ёнидаги кичкинтой сурати…

Бу маълумотни интернетда ошкор этмаслик нафақат болакай учун, балки унинг ота-онаси учун ҳам муҳим. Жиноятчиларга маълумот тақдим этиш билан бирга, сиз ўзингизни ҳам фош этиб қўясиз. Масалан, юқоридаги суратда кўрсатилган ота-оналар, фарзандлари билан «машина ўйини ўйналган» ушбу расмни ижтимоий тармоққа жойлагач, йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари ва болаларини хавф-хатарга қўйганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилганлар.

Болаларнинг ярим яланғоч суратларини намойиш этманг

Албатта, бу каби расмлардаги кичкинтойларингиз ўзингизга ва яқинларингизга жуда ёқимтой туюлиши аниқ. Бироқ носоғлом руҳиятли айрим кимсалар уларга мутлақо бошқача назар билан қарашлари мумкинлигини ёдда тутинг!

Болани келажакда уялтириб қўядиган фотоларнинг кераги йўқ

Афтидан, ҳар биримизнинг ҳам болаликдаги шунақа суратларимиз бор бўлса керак – унга бугун қараб туриб, ўзимиз ҳам хижолат бўламиз. Шуни ота-онамиз нима учун расмга туширишган ўзи, дея ўйланамиз. Яхшиямки, бахтимизга бизнинг болалигимизда интернет йўқ эди, шу сабабли бу суратларни фақат яқинларимизгина кўришган. Энди ўйлаб кўринг: ҳозирги болажонларнинг ижтимоий тармоқларга қўйилган расмларини бутун дунё кўриши, сақлаб олиб қўйиши мумкин. Бола улғайгач эса ўша расмларини унга қарши, калака қилиш мақсадида қўлламасликларига кафолат йўқ-ку! Масалан, бу каби суратларини юзига солишлар ўсмирлик ёшидаги болалар руҳиятига ўта салбий таъсир этади ва қалбида бир умрлик жароҳат бўлиб қолади.

Бировнинг боласини намойиш этманг

Кичкинтойингизнинг ўз синфдошлари, қўшниларнинг болалари билан бирга тушган расмлари ҳам бўлса керак, албатта. Шуларни ижтимоий тармоққа қўйишдан олдин ўйлаб кўринг – бунга уларнинг ота-оналари нима дейди? Бировнинг боласи ҳақидаги маълумотларни интернетга чиқаришга маънавий жиҳатдан ҳаққингиз йўқлиги ҳамиша ёдингизда турсин.

Ёдда тутинг: боланинг суратини ижтимоий тармоққа жойласангиз, гарчи уни фақат ўз «дўст»ларингиз кўрадиган бўлса-да, шу ондан бошлаб у расм сизники эмас. Энди уни истаган одам кўчириб олиб, ўзи хоҳлаган мақсадда фойдаланиши мумкин. Ахир, болаларимизнинг хавфсизлиги биз учун энг муҳими эмасми?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!