«Файл слишком велик»: агар файл флешкага кўчмаса нима қиламиз?

  •   DiMaX
  •  712
  •  02.03.2018 17:26

«Файл слишком велик»: агар файл флешкага кўчмаса нима қиламиз?

Баъзида шундай ҳолат учрайди: флешкангизда керагидан ортиқча бўш жой бўлса-да, унга йирик ҳажмли файлни кўчира олмайсиз. Бу ерда гап файлнинг ўша бўш жойга сиғишида эмас аслида...

ЎҚИНГ: Компьютернинг хотира қурилмалари

Нега кўчириб бўлмайди?

Масалан, Windows тизимли компьютерда ҳажми 4 гигабайтдан ошувчи файлни флешкага кўчирмоқчи бўлсангиз, «... файли кўчириладиган файл тизими учун ўта катталик қилади» («Файл … слишком велик для конечной файловой системы») ёзуви чиқади.

Шунга ўхшаш ҳолатларда macOS мана бундай огоҳлантирув ёзуви чиқаради: «... объектини кўчириб бўлмаяпти, чунки у бу томнинг формати учун ўта катталик қилади» («Не удаётся скопировать объект …, так как он слишком большой для формата этого тома»).

Гап шундаки, кўчириладиган флешкининг файл тизими, яъни маълумотларни шакллантириш тарзи FAT32 (ёки MS-DOS) бўлиб, унга 4 гигабайтдан ошиқ ҳажмли файлларни ёзиб бўлмайди. Бу чекловни олиб ташлаш учун, флешканинг файл тизимини бошқасига алмаштирган ҳолда қайта форматлаш лозим бўлади.

ЁДДА ТУТИНГ: Форматлаганда, флешкадаги барча маълумотлар йўқолиб кетади. Шунинг учун, аввал унинг ичидаги барча жилд ва файлларни компьютерга кўчириб ўтказиб, сўнг форматланг!

Форматлаш усули

Агарда Windows ишлатаётган бўлсангиз, Проводник дастурини очинг. Унда флешка устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертинг. Очилган контекст менюсида «Форматлаш» («Форматировать») бандини танланг. Форматлаш ойначаси очилади, унда флешканинг якуний файл тизимини ўзгартириш мумкин. Агарда флешкани кейин фақат Windows тизимли қурилмаларда ишлатадиган бўлсангиз, у ҳолда NTFS файл тизимини танлаганингиз маъқул. Бордию, флешкангиз кейин ҳам Windows, ҳам macOS тизимли компьютерларга тушишини истасангиз, унда exFAT файл тизимини танланг.

Кейин «Тезкор (мундарижаларни тозалаш)», яъни «Быстрое (очистка оглавления)» опциясини белгиланг, «Бошлаш» – «Начать» тугмачасини босинг ва форматлаш якунига етгунича тегмай туринг.

Агарда macOS тизимли қурилмадан фойдаланаётган бўлсангиз, унда мана бу манзилдаги диск утилитасини ишга туширинг: Finder → «Программы» → «Утилиты» → «Дисковая утилита». Унинг ён панелида флешкани танланг ва юқорида жойлашган «Ўчириш», яъни «Стереть» тугмачасини босинг. Кейинги ойнада флешканинг файл тизимини танлашингиз керак бўлади. Бордию уни фақат Mac’да ишлатадиган бўлсангиз – «Mac OS Extended (журналируемый)» турини танланг. Агарда флешкангиз кейин ҳам Windows, ҳам macOS тизимли компьютерларга тушишини истасангиз, унда exFAT файл тизимини танланг.

Сўнг «Стереть» тугмачасини босинг ва форматлаш якунига етгунича тегмай туринг.

Шу тарзда қайта форматлагач, бу флешкадаги бўш жойга мос бўлса бас – исталган  ҳажмли файлни унга ёза оласиз. Дарвоқе, форматлашдан олдин компьютерга кўчириб қўйилган файл ва жилдларингизни яна флешкага ўтказиб қўйиш ҳам эсдан чиқмасин...

ЎҚИНГ: USB-флешкалардан фойдаланишнинг 5 та ностандарт усули

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.