«Фейк» хабарларга қарши курашиш нега муҳим?

  •   DiMaX
  •  936
  •  29.06.2019 09:48

«Фейк» хабарларга қарши курашиш нега муҳим?

Бугун қулоғимизга «фейк», «fake news» сўзлари тез-тез чалинмоқда. Термин сифатида улар яқин ўтмишда истеъмолга киритилган бўлса ҳам, ёлғон ахборот тарқатиш тарихи анча узоққа бориб тақалади, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Россияда ёлғон ахборот тарқатган видеоблогерларни жазолаш таклиф этилмоқда

Фейкларнинг авж олиши бир томондан оммавий ахборот воситаларининг профессионализмига, бошқа томондан эса ахборот истеъмолчиларининг медиасаводхонлигига боғлиқ масаладир.

Интернет ва ижтимоий медианинг ривожланиб бориши натижасида ҳар бир ахборот истеъмолчиси айни вақтда ахборот тарқатувчи, халқ журналисти ролини ҳам бажармоқда. Инсон биргина бармоқ ҳаракати билан келиб чиқиши шубҳали хабарни минглаб одамларга етказиши мумкин. Шундай шароитда ҳар бир фуқаро ўзи билмаган ҳолда ҳалокатли дезинформация занжирининг бир ҳалқасига айланиб қолиши мумкин.

Ислоҳотларнинг тақдири сайловларда овоз бериш кабинасида тўғри қарор қабул қила оладиган, шахсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий ва ҳоказо соҳаларда ростни ёлғондан фарқлай оладиган онгли фуқароларга боғлиқ.

ЎҚИНГ: Facebook’да тарқалган туҳматга Давлат солиқ қўмитаси ойдинлик киритди

Фейкларга қарши курашиш нима учун муҳим? Чунки улар барқарорлик ва хавфсизликка ҳақиқий таҳдид кўрсата олиши фактлар билан исботланган. Масалан, Руандадаги геноцид (1993) айнан маҳаллий радио орқали тарқатилган ёлғон хабар ортидан бошланиб кетгани маълум. 2018 йили Ҳиндистонда WhatsApp мессенжери орқали тарқатилган фейк суратлар сабабли 25 киши омма томонидан ўзбошимчалик билан ўлдириб юборилган.

Шундай шароитда фейклардан келаётган таҳдидни тўғри баҳолаш ва унга қарши тура олиш ҳар бир давлатнинг вазифаси, ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Бу борада қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ахборот тарқатувчиларга бу борада юклатилган масъулиятни яна бир бор эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Чунки ахборот тарқатиш масъулиятини ҳис этиш, бу борада ҳуқуқий оқибатларни ўйлаш ва жавобгарликни унутмаслик замонавий инсон олдида турган асосий вазифалардан биридир.

ЎҚИНГ: Ижтимоий тармоқда ҳокимга туҳмат қилган шахс озодликдан маҳрум этилди

Юқоридагиларни эътиборга олиб Адлия вазирлиги «Медиа-саводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси» деб номланган семинар ташкил этди.

Семинардан мақсад ахборот тарқатувчилар билан ўзаро ҳамкорликда турли ахборот хуружларига нисбатан фуқароларда иммунитет ҳосил қилиш ва медиа-саводхонликни тарғиб этиш орқали фейкларга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбирда ёлғон, сохта хабарлар муаммосининг келиб чиқиши, кўлами ва уларга қарши курашишда қонунчилик нормаларини фаол қўллаш масалалари муҳокама этилди.

Йиғилганларга мавзуга доир тайёрланган махсус қўлланма ҳам тарқатилди. Қўлланма медиа-макондаги муносабатларнинг қонуний ва тартибли бўлишини таъминлашга ҳамда томонларнинг ҳушёрлигини оширишга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!