Фикр кучи орқали мулоқот қилишни қачон бошлаймиз?

  •   DiMaX
  •  1051
  •  23.03.2017 10:40

Фикр кучи орқали мулоқот қилишни қачон бошлаймиз?

Яқинда Марк Цукерберг ва Жерри Сайнфелднинг Facebook’даги онлайн-конференцияси юз минг мартадан ошиқ кўрилди. Биринчи навбатда, Цукербергнинг таъкидлашича, интернетнинг ва инсониятнинг келажаги телепатик қобилиятларимизни техник жиҳатлар билан намоён этадиган технологиялар билан боғлиқдир. Унингча, биз ўз шахсий тажрибамизни реал вақт режимида ёзиб олишимиз ва ўз фикр ҳамда туйғуларимизни дўстларимиз ва яқинларимизга улаша олишимиз мумкин эди. У буни «коммуникациянинг келажаги» деб атади. Хўш, ҳозир биз телепатик йўл билан алоқага киришиш босқичига қай даражада яқинмиз?

Мия тўлқинларидан фойдаланишга бағишланган олдинги тадқиқотлар ҳақидаги ҳикоялар худди фантастик романлардан олинган парчаларга ўхшаб кетади. Масалан, ўз фикр кучи билан компьютерни бошқарган маймунлар, телепатия йўли билан бошқа бировни бошқарган одам… Нисбатан кейинги тажрибалар доирасида эса «органик компьютер» деб аталувчи объектлардан фойдаланилди. Булар – бир неча маймунлар ва каламушларнинг ўзаро боғланган миялари эди.

Вашингтон университети нейробиологлари электрон ёрдамчи ишида телепатия тамойилидан фойдаланганликларини маълум қилишди. Мазкур тажрибада университетнинг икки нафар ходими, ўз мия импульсларининг Интернет-узатмасидангина фойдаланган ҳолда, бир-биридан бир миль узоқликда туришди. Улар «20 та савол бер» ўйинини ўйнашди. Бу тариқа ўзаро мулоқотда Дьюк университети тадқиқотчиси Мигель Николелис ишлари натижаларига таянилди.

Ўтган аср 90-йиллар охирларида у миядан чиқувчи электр импульслари устида тажриба олиб борган; бунда ҳар бир нейронни алоҳида, синчиклаб текширган. Николелис ва унинг ҳамкасблари тез орада, ҳар бир нейрон айнан нималарга масъул эканлигини ҳам аниқлашди. Масалан, бир вақтда импульс ишлаб чиқарувчи 48 та махсус нейрон каламушни ҳаракатланишга рағбатлантиради. Маймунларни тадқиқ этишга қайтиб, Николелис ва унинг жамоаси бир хил баландликда бараварига овоз чиқарувчи нейронларнинг 100 хил турини аниқлашга муваффақ бўлишди. Уларнинг кейин амалга оширган ишлари эса кишини ҳайратга солади!

Николелис жамоаси маймуннинг миясига датчик улади ва унинг ёрдамида жойстикни ҳаракатлантиришга уриниб кўрди. Бунда экрандаги нуқтанинг ҳаракатларини кузатиб туришди. Тажриба давомида нейрофизиологлар мия тузилишига оид айрим саволларга ойдинлик киритиб олишди. Жойстикни олиб ташлагач, маймунни бошқа қурилмага улашди. Энди экрандаги нуқтани маймун фақат ўз фикр кучи билангина сура олган эди. Бу – фикрни яққол кузатишга эришилган илк тажриба эди.

Бу ютуқ нейрофизиологларни янги йўналиш – миядан мияга таъсир этиш (BBI) бўйича ишлар бошлашга илҳомлантирди. Айни дамда одамларда ўтказилган шундай тажрибалар натижалари кам. Бунинг асосий сабаби жонли инсон миясига датчиклар ўрнатишни тақиқловчи ахлоқ меъёрларига бориб тақалади. Бу борада энг самарали натижаларга Вашингтон университети тадқиқотчилари Шантель Прат ва Андреа Стокко эришганлар.

Аввало, уларнинг мақсади бир инсон миясидан бошқасининг миясига сигнал юбориб, унда жисмоний реакция чақириш бўлган. Бунинг учун олимлар кампуснинг турли хоналарида бўлган икки нафар тадқиқотчини ёллашди. Улардан ҳар бирига мия тўлқинларини ўлчовчи электроэнцефалографик шлем (ЭЭГ) кийдирилди. Битта хонада ўтирган иштирокчи видео-ўйин лавҳаларини тасаввур қила бошлади – гўёки ўт очиш тугмачасини босиб отаётгандек эди. Иккинчи иштирокчига эса шовқин ўтказмайдиган қулоқчин кийдирилди. Унинг бошига транскраниаль магнит стимуляцияси (TMS) катушкалари ўрнатилган эди. Бу қурилма фокусланган электр сигналларини нурлантириб беради. У бармоқлардан биттасини бошқарувчи мия қисмига уланган эди. Биринчи иштирокчи фикран тасаввуридаги нишонга қарата ўт очганида, иккинчисининг бармоғи ҳам тепкини босиб «ўт очди». Шу тариқа, бир киши фикр орқали иккинчисини бошқарди.

Аммо телепатиянинг бунақа моделида битта муаммо мавжуд: Прат маълумотларига кўра, телепатик сигналларни қабул қилган одам, бу сигналлар ўз миясидан ёки бошқа бирор жойдан келаётганини била олмайди. Телепатик коммуникация тараққиётининг келажаги, олимнинг фикрича, шуни аниқлаштиришга ёрдам беради: «Мен ўзим фикрлаяпманми, ёки бошқа бировнинг бошимдаги фикрларини ўқияпманми?» Лекин, барибир, мазкур тадқиқотлар аллақачон ўз меваларини бера бошлаган.

Николелиснинг иши эса «миядан компьютерга» интерфейсларининг яратилишига олиб келди. Бугунги кунда фалажланган одамлар робот-протезлар томонидан юборилган мия сигналлари орқали юра олишади. Худди шу технологиялар кишиларга ўз тери сезгиларини тиклашга ёрдам беряпти. Булардан ташқари, Прат фикрича, ўргатувчи иловаларни яратишда ҳам улардан фойдаланиш мумкин.

Ушбу технологияларнинг имкониятларидан яна бири – одамзод миясини бошқа жониворлар – айнан ҳиссий англаш тажрибаси бизнинг имкониятларимиз чегарасидан чиқувчи жонзодларнинг миялари билан боғлашда намоён бўлади. Демак, келажакда биз ҳам итларнинг ҳид билиш сезгисини, дельфинларнинг сигналларини ҳам ҳис қила оладиган бўлишимиз мумкин. Тўғри, булар ҳозирча фақат назарий фаразлар.

Прат ўзи фикрларни узатишга ишонмаса-да, бошқа олимлар бунинг мумкинлигини инкор этишмаяпти. Гарвард университети ўтказган бир тажрибада, Ҳиндистонда жойлашган иштирокчига EEG ва TMS-жиҳозлар кийдирилди, улар эса интернет орқали Франциядаги иккинчи иштирокчи билан боғланган эди. Ҳиндистондаги киши «чао» ва «хола» сўзларини ўқиди ва улар электрон почта орқали иккинчисига етиб борди. Бу сигналлар сўзларга айлантирилувчи чақноқ сингари эди. Олинган натижаларни янада юксалтириб, Вашингтон университети олимлари «20 та савол бер» ўйинини ўйнашга қарор қилишди.

Бунда икки киши компьютер орқали ўзаро уланди. Улардан биринчисига EEG-шлем кийдирилди. Иккинчисини эса TMS-катушка билан жиҳозлашди. Иккинчисига компьютер экранида бирор жониворнинг, масалан, акуланинг фотосурати кўрсатилди. Кейин унга: «Бу жонивор уча оладими?» сингари савол берилди. Биринчи иштирокчидан фикран «ҳа» ёки «йўқ» дейиши (хадди иккинчи иштирокчининг жавоби тўғрилигини тасдиқлаш ёки рад этиши) сўралди. Бу фикрлар иккинчи иштирокчига интернет орқали юборилди. Олинган ахборот иккинчи иштирокчининг кўзига фосфен ёки ёруғлик чақноғи орқали кўрсатилди, агар жавоб «ҳа» бўлса, унинг тўғри йўлда эканлиги кўрсатилди. «20 та савол бер» ўйини давомида олинган натижалар (72% тўғри жавоб) эса, ҳеч қанақа уланишсиз тасодифий берилган жавобларга (18%и тўғри) қараганда катта фарқ билан тўғри бўлиб чиқди.

Хўш, хулосаларга келсак… Миядан мияга хабар юбориш имкони бўлар балки, аммо узоқ масофага ёруғлик чақноғи юборишдан то сўз ёки тасвирни бошқа мияга юборишгача ҳали анча бор.

Бугунги кунда одам-компьютер интерфейси нимага ўхшайди? Бу – миянинг нариги томондаги инсон мияси билан ўзаро таъсирланишидир.

Хўш, агарда кутилган натижаларга эришсак нима бўлади? Реклама берувчилар энди энг сўнгги хилват жойимиз – миямизга ҳам кириб боришадими? Буларнинг ўзимиз учун оқибати қандай бўлади? Биз янада сезгирроқ, туйғуларимиз кучлироқ бўлиб қоладими? Ёки, эҳтимол, чидамлироқ бўлармиз?

Афтидан, бунақа интенсивлик тобеликнинг янгича шаклига олиб келиши ҳам мумкин. Миядан мияга мурожаат қилиш технологиясидан ёки телепатиядан кундалик фойдаланиш тажрибаси туфайли кейинги авлод вакиллари таълим олишда ёки ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келмаслиги мумкин, аммо улар реал, жонли инсоний мулоқотда катта муаммоларга йўлиқадилар. Улар шунчаки, жонли мулоқотни ортиқча қувват сарфламасдан эришиладиган янги турдаги мулоқотга алмаштириб қўяқолишади.

Ўзимиз ҳам баъзида, суҳбатдошимизнинг фикрларини ўқий олишни орзу қилиб қолишимиз – бор гап. Бироқ бу технологияларни тижоратга айлантириб юбориш – бу энди буткул бошқа масала.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!