FileCloud.uz – TAS-IX ҳудудидаги «булутли» сервис

  •   DiMaX
  •  4830
  •  02.06.2017 09:45

FileCloud.uz – TAS-IX ҳудудидаги «булутли» сервис

Нима ўзи у?

Керакли файлларни ахборот ташувчи қурилмалар – дискета, компакт-диск, флешка ва ташқи хард-дисклардан ташқари, ҳозирда «булутли» сервисларда сақлаш кенгроқ тарқалмоқда. Бу турдаги кенг тарқалган хизматлар – Яндекс.Диск, Google Drive, Dropbox кабилардан хабарингиз бор. Бугун биз сизга худди шу турдаги хизматларни таклиф этувчи, аммо бир қанча қулайликлари билан ажралиб турувчи FileCloud.uz сервиси ҳақида маълумот берамиз.

Ушбу сервис яқиндагина ишлаб чиқилган бўлиб, фойдаланувчиларнинг файлларини интернетдаги «булутли» сақлагичда сақлашни ва фойдаланувчига улар устидан турли амалларни бажариш имконини беришга мўлжалланган.

«Булут, булутли» деймиз, нима ўзи у булутли технологиялар? Булутли технологиялар (инглиз тилида cloud services, cloud technologies) – ҳозирги кунда кенг қамровли атама бўлиб, унинг асосий мазмуни – бирор бир дастур ёки дастурлар мажмуасини фойдаланувчи қурилмасида эмас, балки интернет тармоғи орқали хизмат кўрсатувчи қурилмасида ишлатган ҳолда маълум турдаги дастурий хизматларни тақдим этиш. Масалан: файлларни сақлаш, файлларга ишлов бериш, маълумотларни таҳлил қилиш ва ҳокозо. Булутли сервисларнинг энг кенг тарқалгани бу Dropbox – файлларни сақлаш хизмати, GoogleDocs – офис иловалари, SalesForce – CRM ҳамда ERP тизимларидир.

Булутли сервислардан фойдаланиш учун кўп ҳолларда фойдаланувчида интернет тармоғи ва браузер бўлса бас, баъзида эса фойдаланувчи қурилмасига ушбу сервисни ишлатишда қулай бўлиши учун махсус дастур иловалар ўрнатилади. Масалан, Word, Excel дастурларида қилинадиган ишларни GoogleDocs орқали бемалол бажаришингиз мумкин, бунинг учун компьютерингизда офис иловалари бўлиши шарт эмас.

Бизнинг юртимизда ҳам булутли хизматларни тақдим этиб келаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпайиб бораётгани қувонарли ҳолат. Улардан бири FileCloud.uz бўлиб, бу сервис файлларни, масалан, ҳужжатлар, расм ва видеолар, электрон китоблар, умуман олганда Сизга зарур бўлган муҳим файлларни булутли сақлагичда ҳавфсиз ва барқарор сақлаш имкониятини тақдим этади. Бу дегани – энди зарур файлларни флешка ёки компакт дискларда эмас, улардан ҳажми кўп ва имкониятлари кенг бўлган «булутли» хотирада сақлашингиз мумкин.

Фойдаланувчиларга тақдим этиладиган асосий имкониятлари: файлларни кўрсатилган «булутли» сақлагичда сақлаш, уларни ўз қурилмалари аро синхронлаш, файлларни турган жойида кўриш, ўзгартириш, ўчириб ташлаш, қайта тиклаш, уларни учинчи шахслар кўришига ва ўзгартиришига, изоҳлар ёзишига рухсат бериш кабилардан иборатдир.

Қандай фойдаланамиз?

FileCloud.uz сервисининг тўрт хил тариф режаси мавжуд.

Улардан биринчиси «Бепул» («Бесплатный») деб аталган ва номига яраша, мазкур тарифдаги фойдаланувчиларга ҳеч бир тўловсиз хизмат кўрсатилади. Шунчаки рўйхатдан ўтасиз ва фойдалана бошлайсиз – ажойиб-а? Бунда фойдаланувчиларга FileCloud.uz сервиси виртуал маконидан жами 500 мегабайт жой тақдим этилади. Унга юкланадиган битта файлнинг ҳажми 100 МБдан ошмаслиги лозим. Бироқ файлларингиз 256 битли AES усулида шифрланиб сақланади, SSL канал орқали мурожаат қилинади, масофадан туриб уларни ўчириб юбориш каби имкониятлар тўлиқ тақдим этилади.

Кейинги тариф режаси «Талаба» («Студент») бўлиб, унда сизга юқоридаги тарифда тақдим этиладиганидан кўра кўпроқ имкониятлар мавжуд. Жумладан, бу тариф режаси фойдаланувчиларига жами 5 гигабайт жой ажратилади. Юкланадиган битта файл ҳажми эса 1 гигабайтгача бўлиши мумкин. Мазкур тариф режасида бўлсангиз, сақлагичдаги ўз файлингизни ўзингиз ўчириб юборганингиздан кейинги 30 кун ичида уни тиклашингиз имкони ҳам бўлади. Шунингдек, файлларингиз устида охирги 30 кун муддатда амалга оширилган ҳаракатлар тарихини кўришингиз мумкин бўлади. Бундан ташқари, обуна муддатингиз тугаганидан кейин ҳам 10 кун мобайнида файлларингиз «булутли» жойида сақланиб туради. Шу муддат давомида яна обунани давом эттирсангиз, аввалги файлларингиздан ҳам яна фойдаланаверасиз. Агар бирор дўстингиз, ҳамкасбингиз ё ҳамкорингиз учун файлингизга кириш рухсати беришга тўғри келиб қолса, бунинг учун паролланган ҳамда маълум муддатдагина амал қилиш имконияти билан уларга ҳаволалар тақдим этишингиз мумкин. «Талаба» тариф режасида ойлик обуна 10000 сўмни ташкил этади, лекин агарда бир йиллик обуна бўладиган бўлсангиз, чегирма тарзида ҳар ой учун 7000 сўм тўлашингиз ҳам мумкин бўлади.

Навбатдаги – «Фрилансер» («Freelancer») тариф режасида эса, юқоридагилардан ташқари, янада кўпроқ имтиёзлар берилади. Жумладан, унда файлларингизни сақлаш учун 10 гигабайт жой берилади. Бу маконга биттасининг ҳажми 2 гигабайтгача бўлган файлларингизни юклай оласиз. У ердан ўчириб юборган файлларингизни эса кейинги 60 кун ичида қайта тиклаш имкониятига эга бўласиз. Шунингдек, «булутли» макондаги файлларингиз устида охирги 60 кун ичида бажарилган амаллар тарихини кўра оласиз. Булардан ташқари, «Фрилансер» тариф режасидаги обунангиз тугаганидан кейинги 20 кун ичида файлларингиз ўчириб юбормасдан сақланади, шу муддат мобайнида сервисдан фойдаланишни «келган жойидан» яна давом эттирсангиз, ўша файлларингиз ҳам ўзингиз қолдирган ҳолида турган бўлади. Шу имкониятларига яраша, «Фрилансер» тариф режаси учун обуна нархи ойига 15000 сўмни ташкил этади. Биратўла йиллик обунани расмийлаштирсангиз, чегирма билан ҳар ойига 10000 сўм тўлайсиз.

Ва ниҳоят, «Оила» («Семья») тариф режасида бўлса, юқорида санаб ўтилган барча тарифлардаги имкониятлар янада кенгайтирилган тарзда тақдим этилади. Яъни, сиз бунда сервиснинг виртуал маконидан 50 гигабайт жойга эга бўласиз, юкланадиган ҳар бир файлнинг ўлчами эса 10 гигабайтгача бўлишига рухсат этилади. Сервисдан ўчирилган файлларингизни қайта тиклаш ҳамда файлларнинг ўзгартирилиш тарихини кўриш учун муддатлар ҳам мазкур тариф режасида 90 кунга етказилган. Тариф учун ойлик тўлов 40000 сўм ҳажмида белгиланган, бироқ йиллик обуна бўлсангиз, ойига 30000 сўм қилиб чегирма берилади.

Хулласи калом, ўзингизнинг талаб ва эҳтиёжларингиздан келиб чиққан ҳолда, юқоридаги тарифлардан бирини танлашингиз мумкин.

Афзалликлари нималардан иборат?

Энди FileCloud.uz сервисининг афзал жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтсак.

  1. Мустаҳкам муҳофаза. Сервисга жойланадиган барча файллар 256 битлик шифрлаш услубида ҳимояланади. Демак, уларга бузиб кириш, файлларингизни рухсатингизсиз ўзгартириш ҳолатларидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.
  2. TAS-IX – юқори тезлик ва бепул трафик. Ҳа, ҳозирда деярли барча интернет-провайдерлар ўз абонентлари учун TAS-IX ҳудудидаги ресурсларга бепул киришни таъминлаб берганларини инобатга олган ҳолда, FileCloud.uz сервиси айни шу ҳудудда жойланган. Табиийки, тезлик ҳам ташқи интернетга нисбатан анча юқори – демак, файлларни юклаш, кўчириб олиш ва ўзгартиришда муаммо туғилмайди.
  3. Миллий валютада тўлов. Сервис учун тўловларнинг сўмда амалга оширилиши – фойдаланувчилар учун яхши қулайликдир. Зеро, айрим хизматларнинг ҳақлари чет эл валютасида ҳисобланиб, курс бўйича сўмда амалга оширилиши бирмунча ноқулайликлар келтириб чиқараётганлигига гувоҳмиз.
  4. Катта ҳажмли файлларни юклаш ва кўчириб олиш. Табиийки, «булутли» маконга юклайдиган файлингиз турига боғлиқ ҳолда, унинг ҳажми ҳам турлича бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳамда сервиснинг техник жиҳатларини ҳам инобатга олган ҳолда, турли тарифларда тегишлича ўлчамгача бўлган файлларни юклаш имкониятлари жорий этилган.
  5. Улашиш опцияларининг қулайлиги. Юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, FileCloud.uz сервисида сақланаётган файлларингизни кўришлари, ўзгартиришлари, кўчириб олишлари учун ҳамкорларингиз, ҳамкасбларингиз ё дўстларингизга рухсат беришингиз мумкин. Бунда махфийлик сақланиши ҳисобга олинган ва, файлга рухсат учун ҳар кимга юбориладиган ҳавола уникал (бетакрор) бўлиб, сиз белгилайдиган паролга эга ҳамда маълум муддатгагина амал қилади.
  6. Жилд устида бир вақтнинг ўзида бир нечта фойдаланувчи ишлаши мумкин. Битта умумий жилд устида шерикларингиз билан бирга – турли жойлардан туриб ҳам умумий ишлай оласиз. Бу эса вақтдан ютишга, реал вақт режимида бир-бировни яхши тушунган ҳолда мулоқот қилиб ишлашга имкон беради.
  7. MS Office файлларига ўзгартириш киритиш. FileCloud.uz сервисида сақланаётган Офис файлларингизни компьютерингизга кўчириб олмасдан туриб, турган жойида ўзгартиришингиз мумкин. Бу, айниқса, ишингиз тиғиз пайти йўлда ё бошқа ноқулайроқ шароитда бўлиб қолган пайти қўл келади – йўл-йўлакай смартфонингиз орқали сервисга кириб, файлларингизга керакли ўзгартиришларни киритиб кетаверишингиз мумкин.

  1. MS Office файллари устида Collaboration усулида ишлаш. Бирор ҳужжат файлига бир вақтнинг ўзида бир нечта киши ўзгартириш киритиши мумкинлиги – ажойиб имконият. Сиз файлларингизга киришга рухсат берган ҳамкорингиз билан бир вақтнинг ўзида, аммо турли жойлардан кириб ҳам онлайн тарзда бирга ишлашингиз – ўша ҳужжатингиз матнини бирга тайёрлашингиз мумкин.
  2. Аудио/видео/сурат файлларини турган жойида қараб чиқиш. Сервисга юклаб қўйилган аудиоовоз, видеолавҳа ёки бирор сурат файлини кўчириб олмасдан туриб ҳам дастлабки кўришни амалга ошириш мумкин. Бу эса адашиб бошқа файлни кўчириб олиб, вақт ва трафикни беҳуда сарфлашнинг олдини олади.

  1. Ўчирилган файлларни қайта тиклаш. Мазкур функция FileCloud.uz сервисининг учта тарифида кўзда тутилган бўлиб, бехосдан бирор керакли файлни «булутли» сақлагичдан ўчириб юборганингизда, ёки ўзингиз ўчирганингиздан кейин ўша файлдаги бирор маълумот керак бўлиб қолганида роса асқотади. Ўчирилган файлларни қайта тиклаш имконияти учта тариф режаси фойдаланувчиларига, тегишлича тарзда 10, 20 ёки 30 кун муддат билан тақдим этилган.
  2. Қулай интерфейс. Сервис сайти кўриниши содда – ортиқча унсурларсиз, фойдаланишга қулай қилиб ишланган. Ундаги барча керакли функциялар шундоққина кўзингиз олдида, худди кафтдагидек кўриниб туриши ишингизни, янги фойдаланувчилар учун эса – сервисдан фойдаланишни ўрганишни анча енгиллаштиради.

 

  1. Бошқа фойдаланувчиларнинг файл ва жилдларига изоҳлар ёзиш. Агар FileCloud.uz сервисининг бошқа фойдаланувчиси сизга ўз файл ва жилдларига рухсат очиб берган бўлса, унинг сервисда сақланаётган жилдлари ва файлларига ўз изоҳларингизни ёзишингиз мумкин. Бу, хусусан, шериклар билан ҳамкорликда ишлаганда наф берадиган функция.
  2. Кичик ва ўрта бизнес учун зўр имкониятлар. FileCloud.uz сервисидан фойдаланиш кичик ва ўрта бизнес субъектлари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун кўплаб имкониятлар тақдим этади. IT-технологиялар билан ишлаётган фирмалар мазкур сервис орқали файлларни осон алмашишлари мумкин. Зеро, ҳозирда бирор файлни ҳамкорига етказиш учун флешкада олиб юриш камида битта ходимнинг қимматли вақтини олади ва қўшимча йўл харажатларини талаб этади. Бизнес субъектлари ўзаро алмашадиган файллар ҳажми йириклиги сабабли уларни электрон почта орқали жўнатиб ҳам бўлмайди. Шунақа вазиятларда тадбиркорларга FileCloud.uz сервиси кўмакка келади – фрилансер, дизайнер, модельер, аниматор ва бошқалар катта ҳажмли файлларни TAS-IX орқали бемалол алмашишлари, улашишлари (share) ва сақлаб қўйишлари (backup) мумкин.

Юқоридагилардан ташқари, яқин кунларда FileCloud.uz сервисига яна бир имконият қўшилмоқда. Унда сиз Яндекс.Диск, Google Drive, Dropbox каби «булутли» сақлагичлардаги аккаунтингизни FileCloud.uz сервисидаги аккаунтингиз билан синхронлай оладиган бўласиз. Яъни, файлларингизни TAS-IX ҳудудидаги сақлагичга юклайсиз, улар FileCloud.uz орқали ташқи сервисларга юборилади, яъни сизнинг иштирокингизсиз ва трафик харажатларисиз синхронизация амалга оширилади.

Хулоса: FileCloud – сизнинг TAS-IX’даги «булутли» маконингиз

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳаётингиз учун муҳим бўлган файлларингизни «булутли» сервисда сақлаш учун FileCloud.uz сервиси жуда мақбул танлов.

Ундан фойдаланар экансиз, аввало, муҳим маълумотларингизнинг хавфсизлигидан хавотир олмайсиз. Қолаверса, TAS-IX ҳудудида фаолият кўрсатгани сабабли, тезлик ва трафик миқдори масаласида ҳам муаммо бўлмайди.

Сервис жамоаси мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, унинг имкониятлари доирасини мунтазам кенгайтириб боришмоқда. Шу билан бирга, мижозлар ва қизиқувчилар билан мунтазам тарзда мулоқотда бўлиб туриш учун мазкур сервиснинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Ўзингизни қизиқтирган саволлар билан шу саҳифа орқали мурожаат этиб, керакли жавобларни ва маслаҳатларни олишингиз мумкин.

Шундай экан, сиз ҳам ҳаётингиз учун энг муҳим бўлган файлларингизни сақлаш, улашиш ва узатишда TAS-IX ҳудудидаги «булутли» сақлагич – FileCloud.uz сервиси хизматларидан фойдаланинг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!