Firefox яратувчилари ҳимояланган файл алмашиш сервиси ва унинг Android-иловасини тақдим этишди (+видео)

  •   DiMaX
  •  554
  •  23.03.2019 15:35

Firefox яратувчилари ҳимояланган файл алмашиш сервиси ва унинг Android-иловасини тақдим этишди (+видео)

Mozilla компаниясини асосан Firefox веб-браузери орқали таниймиз, лекин унинг бошқа дастурий таъминот маҳсулотлари ҳам яхши. Жумладан, у Android платформаси учун қулай файл алмашиш сервисини ва унинг иловасини тақдим этди.

ЎҚИНГ: Share Files – ўзаро файл алмашишнинг энг қулай ва тезкор йўли

Firefox Send номли ушбу сервиснинг асосий ўзига хослиги – хавфсиз маълумот алмашишни таъминловчи шифрлаш қўлланишидир. Бундан ташқари, мазкур илова маълумотлар «сизиб» чиқишининг олдини олувчи яна бир қатор фойдали функцияларга эга.

Фойдаланувчи керакли файлни Firefox Send орқали «булутли» серверга жўнатаётганида, у 128 битлик AES-GCM шифрлаш алгоритмини қўллайди. Юбориб бўлгач, ўша файлни неча марта кўчириб олиш мумкинлигини, шунингдек, унга элтувчи ҳаволанинг амал қилиш муддатини ҳам фойдаланувчи ўзи белгилаши мумкин. Файлга киришни парол ёрдамида ҳимоялаб қўйса ҳам бўлади; сервисга бирйўла бир нечта файлни узатиш имкони ҳам мавжуд.

Мана, қуйида унинг ишлашини кўрамиз:

Файлларни серверга жўнатгач, фойдаланувчига уни кўчириб олиш ҳаволаси келади, бошланғич созламаларга кўра унинг амал қилиш муддати 24 соат бўлиб, бу муддатни ўзгартириш мумкин. Кейин эса, файлни олиши керак бўлган кишига шу ҳавола исталган усулда: бирор мессенжер, SMS ёки электрон почта орқали юборилади.

ЎҚИНГ: «Файл слишком велик»: агар файл флешкага кўчмаса нима қиламиз?

Android-смартфон эгалари Firefox Send мобил иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб олсалар бўлади. Шунингдек, Mozilla’нинг мазкур сервисидан компьютер орқали ҳам фойдаланиш имкони мавжуд – бунинг учун ушбу ҳавола орқали расмий сайтига ўтиб, 2,5 гигабайтгача ҳажмли файл узатиш мумкин.

Қулай томони шундаки, файлларни қабул қилиб олувчи кишига Firefox Send иловасининг кераги ҳам бўлмайди. Нафақат бу дастур, балки ҳатто Android-гаджет ҳам шарт эмас! Файллар компания серверларида сақлангани учун, уларни ҳар қандай операцион тизимли қурилмага юклаб олиш мумкин, браузери бўлса бас.

ЎҚИНГ: Ноутбукларда Wi-Fi нуқта ҳосил қилган ҳолда ўзаро маълумот алмашиш

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!