Флагман эмас, лекин флагманлардек техник хусусиятларга эга: Redmi Note 12 Turbo билан танишинг!

Флагман эмас, лекин флагманлардек техник хусусиятларга эга: Redmi Note 12 Turbo билан танишинг!

Xiaomi'нинг Redmi бренди бугун ўзининг Note 12 сериясидаги смартфонлари қаторига яна бир моделни қўшди. Гарчи ўрта синф смартфонлар оиласига мансуб бўлса ҳам, янги смартфон флагманлардек юқори техник хусусиятларга эга. Қуйида Redmi Note 12 Turbo смартфони билан батафсил танишишингиз мумкин.

Redmi Note 12 Turbo смартфони Qualcomm яқинда тақдим қилган 4 нанометрли Snapdragon 7+ Gen 2 чипсетида ишлайдиган илк смартфон бўлиб, у 8, 12 ва 16 GB гача бўлган LPDDR5 оператив ва 256, 512 GB ва 1 TB гача UFS 3.1 доимий хотира конфигурацияларида таклиф қилинади. Қурилма 5000 мА/соат батарея билан таъминланган ва уни 67 Вт тезликда қувватлаш мумкин. Албатта, операцион тизим MIUI 14 версиясида.

Янги Turbo смартфон 6.67 дюймли OLED экран билан жиҳозланган. Унинг резолюцияси 2400×1080 бўлиб, у 1000 нит максимал ёруғликка чиқа олади, шу билан бирга, Dolby Vision, HDR10+ ни қўллаб-қувватлайди ва 120 герц янгиланиш тезлигига эга. Ҳеч қандай эгилишларсиз текис экран жуда ингичка қора рамка билан ўралган ва бу смартфоннинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳисобланади: ён томонлари 1.42 мм, юқори қисми 1.95 мм, пастки жағи эса 2.22 мм қалинликда. Экран юқори марказида 16 мегапикселли HD портрет камера жойлашган ва у билан сиз секундига 30/60 кадр тезликда 1080p форматидаги видеоларни олиш имконига эгасиз.

Камералар мавзусидан узоқлашмаган ҳолда смартфон орқа томонига ўтамиз. У ерда сиз Redmi Note 12 сериясидаги смартфонларга хос стилда жойлаштирилган учлик камера тизимини кўришингиз мумкин. Уларнинг асосийси 64 MP ва у тасвирни оптик барқарорлаштириш (OIS) хусусиятига эга. Иккинчи камера 8 MP ултра-кенг сенсор бўлса, учинчиси 2 мегапикселли макро линзадир. Ушбу камера тизими сизга 4К форматида 30 fps видеолар олиш имконини беради.

Алоқа ва уланиш борасида смартфон 5G, Wi-Fi 6e ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Қўшимчасига смартфон яхшиланган VC совутиш тизими, Х ўқ чизиқли мотор, иккилик овоз кучайтиргичлар (Hi-Res Audio, Hi-Res Wireless, Dolby Atmos) ва микрофонлар, инфрақизил нур узатувчи ва 3.5 миллиметрли симли наушник уясига ҳам эга. Контактсиз тўловлар учун NFC функцияси ҳам мавжуд. Бармоқ изи сканери ён томондаги смартфонни ёқиш тугмасига бирлаштирилган. Смартфон бўйига 161.11×74.95×7.9 мм ўлчамда бўлиб, унинг оғирлиги 181 граммни ташкил қилади.

Redmi Note 12 Turbo смартфони ҳаворанг, қора ва оқ рангларда тақдим қилинган. Сотувлар Хитойда 31 мартдан бошланиши кутилмоқда. Нархлар қуйидагича:

  • 8 GB + 256 GB = 1999 юан (≈290 доллар)
  • 12 GB + 256 GB = 2199 юан (≈320 доллар)
  • 12 GB + 512 GB = 2399 юан (≈349 доллар)
  • 16 GB + 1 TB  = 2799 юан (≈407 доллар)

Redmi, шунингдек, ўзининг Note 12 Turbo смартфонини "Гарри Поттер" филмларидан илҳомланиб тайёрланган махсус вариантини ҳам намойиш қилди. Таъкидлаш жоизки, бу "Harry Potter" ва смартфон бренди ўртасидаги илк ҳамкорлик ҳисобланади.

Redmi Note 12 Turbo Harry Potter Edition орқа томонининг сояли нақшлари устига Ҳогвартс сеҳргарлар мактабининг катта логотипи туширилган. Шунингдек, камералар чап ён томондан қараганда Гарри Поттер кўзойнагини эслатиб юборадиган дизайнга эга бўлган. Ҳатто уларнинг юқорисида Гарри Поттернинг чақмоқли чандиғини ҳам кўришингиз мумкин. Камераларнинг ёнида эса "Harry Potter" логоси ҳам бор. Албатта, махсус смартфон махсус қутида ўзига хос қўшимча аксессуарлар билан келади.

Ушбу вариантдаги Redmi Note 12 фақат 12+256 ГБ хотира конфигурациясида таклиф қилинади ва унинг нархи 2399 юан ёхуд ≈349 доллар нархни ташкил қилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!