«Флагманлар кушандалари» ижодкори энг арзон смартфонини тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  837
  •  28.10.2020 09:01

«Флагманлар кушандалари» ижодкори энг арзон смартфонини тақдим этди!

«Асло қотмас» шиори билан смартфонлар чиқарувчи компания OnePlus Nord N10 5G русумли ҳамёнбоп моделини намойиш қилгани ҳақида ёзган эдик. Унисидан ташқари, OnePlus ўз тарихидаги энг арзон смартфонини ҳам тақдим қилди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Samsung’дан кейин OnePlus ҳам Apple’ни калака қиляпти

Ушбу девайс OnePlus Nord N100 деб номланади ва нархига яраша, 5G тармоғини қўллаб-қувватламайдиган Snapdragon 460 процессори базасида ишлаб чиқилган. Смартфонда 4 гигабайтлик тезкор ва 64 гигабайтлик (UFS 2.1 стандартли) доимий хотира қўлланган. Айтиш керакки, Nord N10 5G ҳамда Nord N100 моделлари – корпусида microSD-карта уячаси мавжуд бўлган илк OnePlus смартфонларидир.

OnePlus Nord N100 экранининг ўлчами диагоналига 6,52 дюймни ташкил этади. IPS LCD матрицали дисплей HD+ форматида (1600х720 пикселлик аниқликда) тасвир узата олади, устига Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси ётқизилган.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг зўр ўнта смартфон («Роскачество» рейтинги, 2020 йил сентябрь)

Бу смартфонда ҳам дактилоскопик датчик орқа панелда жойлашган. OnePlus Nord N100 уч модулли (13 + 2 + 2 мегапикселлик) бош камера билан жиҳозланган. Селфи-камера учун экраннинг юқори ўнг бурчагида тирқиш очилган – у ерга 8 мегапикселлик сенсор ўрнатилган.

OnePlus Nord N100 аккумуляторининг ток сиғими шеригиникидан каттароқ – 5000 мА/соатга тенг; лекин тезкор заряд олиш қуввати пастроқ – 18 ваттлик. Қурилманинг корпусида 3,5 миллиметрлик стандарт қулоқчин тирқиши ҳамда стереодинамиклар мавжуд.

Мазкур смартфон Европада кейинги ойнинг бошидан, 200 евро нархида сотила бошлайди. OnePlus Nord N100 кейинроқ Шимолий Америка бозорига ҳам чиқарилади.

ЎҚИНГ: Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.